Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сирдарёда тадбиркорлар нега пулини ундириб ололмаяпти ёхуд вилоят МИБ ўйлаб топган «анекдот»... (видео)

Таҳририятимизга Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Яллама қишлоқ фуқаролар йиғини, Ачамайли кўчаси, 45-уйда яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Мухтор Бейсенов ҳамда Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Соҳибкор маҳалла фуқаролар йиғини Темир йўл кўчаси 14-хонадондан «Жамол Жасур кашфиёти» МЧЖ раҳбари Камол Каланов томонидан  шикоят аризалари келиб тушган.

Тадбиркор Мухтор Бейсенов аҳоли ва ташкилотларга автокран хизмати кўрсатиш бўйича бир неча йилдан бери шуғулланиб келади. Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси (ЙМФУК) билан 2020 йил 15 ноябрда шартнома имзолайди. Шартномага асосан тадбиркор М39 йўлидаги бетон БД5 нинг монтаж ишларини бажариши кўзда тутилган.

Тадбиркор Мухтор Бейсенов:  

– 2020 йил ноябрь ойидан 2021 йил май ойигача 105 млн сўмдан ортиқ иш бажарганмиз шундан унитар корхона томонидан бизга 27 млн сўм тўлаб берилди. Ҳозирги кунда Сирдарё  ЙМФУКнинг  биздан 78 млн. сўмдан ортиқ қарздорлиги бўлиб 3 йилдан бери тўлаб бермаяпти. Албатта, бу иш Сирдарё туманлараро иқтисодий судида 2023 йил 4 майда кўриб чиқилган. Аммо унинг ижроси ҳамон бажарилгани йўқ...

«Жамол Жасур кашфиёти» МЧЖ раҳбари Камол Каланов ҳам Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасидан куйганлардан. 2013 йилдан бери Сирдарё туманида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Камол Каланов 20 га яқин ишчи ходимларига бугун иш ҳақи тўлашга боши қотган.

 – 2016 йил сайлов олдидан 13 та туман сайлов учатскасига олиб борувчи йўлларни асфальт бетон қопламаси билан қоплаганмиз. Аммо вилоят йўл бошқармаси билан келишилган иш ҳақини орадан 7 йил ўтибдики ололмаймиз, – дейди биз билан суҳбатда «Жамол Жасур кашфиёти» МЧЖ раҳбари Камол Каланов. –  Қарздорликни ундириш бўйича Сирдарё туманларо иқтисодий суди томонидан қарор чиқарилган. Ушбу қарор бўйича Сирдарё вилоят МИБ, Сирдарё туман МИБ, Мирзаобод туман МИБ томонидан гарчи қарорда қарздорлик ундириш кўзда тутилган бўлса-да 2018 йилдан буён тўловларни ундириш қарор ижроси пайсалга солиб келинмоқда. Қисман-қисман озроғини тўлади, 865 млн. сўм қарзи бор ҳозир биздан. Биз солиқларнинг ҳаммасини тўлаб келганмиз. Ҳали бу ташкилотдан ишлаган ҳақимизни олганимиз йўқ, лекин МИБ биздан солиқларни ундириб олишда фаоллик ва жонбозлик кўрсатаяпти. Заҳирадаги техникаларимни сотиб ойлик тўлашга мажбур бўлдим, энди ҳеч вақом йўқ, шу боис тадбиркорликни тугатишга мажбур бўлаяпмиз. Қарздорлик вақтида бизга тўлаб берилганда, мен янги иш ўринлари яратардим, янги техникалар олиб келардим. Унинг ўрнига биз ҳозир фақат идорама-идора юрибмиз. Шу пулни ундириш учун фақат сансалорликка дуч келаяпмиз. Ишга иштиёқам йўқолди...

 «Садаф-Гулистон» МЧЖ мутахассиси Даврон Ниёзов:

– Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси (ЙМФУК) билан биз ҳам шартнома тузганмиз. Яъни, ёқилғи масаласида. Биз четдан ва ўзимиздан нефть маҳсулотларини оламиз ва тарқатиш фаолияти билан шуғулланамиз. Ҳозир шу кунгача 330 кун бўлди гарчи қарз ундирилиши бўйича суд қарори қарор чиқарилганига қарамай ҳали Сирдарё ЙМФУКдан пулимизни ундириб ололмаяпмиз. Уларнинг биздан 50 млн сўмдан зиёд қарзи бор. Йўл қурилиши учун ишлатилган автоуловларга бизнинг корхонадан ёқилғини қарз олишган. Ўзимизнинг ҳам 2 млрд сўм кредитимиз бор. Солиқларни вақтида тўлаймиз, аммо бир йил бўлади яқинда пулимиздан дарак йўқ.

Таҳририят ходимлари ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сирдарёга отландик. Ва Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Мажбурий ижро бюросига бордик. Аммо МИБга киришнинг ўзи азоб экан. Қўлини қовуштириб олган димоғи жуда баланд ходим бу ерга кира олмаслигимизни бир неча қонун бандлари билан эслатди. Журналистни киргизмаслик ҳақида шунчалик кўп қонунлар бор эканки, ҳатто оғиз очишга қўйишмади. Чунки улар ҳар қандай келган фуқаронинг оғзига бир неча қонунлар билан шартта-шартта уриб ташлаш ҳадисини олган ва бу ўзларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун энг тажрибадан ўтган амалиётлиги кўриниб турарди. Агар Сирдарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати рухсат берса... ёки улардан бирортаси билан келсаларингиз... деган шартлари бизга маъқул келди. Ва биз Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармасига бордик.

У ерга ҳам шундоқ кириб кета олмас экансиз. Эшик олдида ўтирган қўриқчилар тепадан кимнидир чақирди. Биз Мирзаобод тумани МИБга боришимиз учун рухсатнома кераклигини айтганимиздан сўнг олдимизга чиққан йигит ҳозир жавобини айтаман, деб кириб кетди. Ишимиз осон битаётганидан хурсанд эдик – ҳозир биз билан бирортаси туман МИБга боради ёки буёқдан киришга рухсат беринглар, деган қўнғироқ бўлади деган ўй билан 10 дақиқа кутдик, 20 дақиқа кутдик ва бир соатдан кейин бояги йигит чиқиб, кечирасизлар,  ахборот хизмати бошлиғимиз касал экан, деган жавобни айтди...

Унгача биз экран-таблода МИБ ҳақидги роликни 100 марталар кўрдик, унда шундай гаплар қулоғимда ўрнашиб қолди: «МИБ сизларни сансалорликдан қутқаради...» Журналист бир оғиз ахборотни олиш учун киролмаган жойга оддий фуқаронинг етиб боришини ва қанчадан-қанча сансалорликни бошидан ўтказишин тасаввур қилинг. Бизнинг мақсадимиз МИБдагиларга қарздорликни нега ундириб бермаяпсизлар деб ёқасидан олишмас эди. Мақсадимиз бир оғиз ўша суд қарорида кўрсатилган ижрони бажариш МИБнинг вазифасига кирадими йўқми яна бир бор ишонч ҳосил қилиш эди...

Бир соат ичида қанчадан-қанча фуқароларни кўрдик, эсимизда қолгани бир фуқаронинг ундириши керак бўлган пулни ундиролмаётгани, ҳар сафар турли баҳоналар билан қайтарилаётганини қоровулга шикоят қилган ҳолати бўлди. «Бу ерга қатнайвериб чарчадим, ҳозир кириб кетган ходим янги анекдот тўқиб чиқади, чунки жавоб йўқ булар-да», деди. Янги анекдот нимаси экан, деб ўйлаб ўтирган жойимизда, ахборот хизмати бошлиғи касал бўлиб қолгани ҳақидаги жавобни эшитдик... Журналистлар учун бир соат давомида ўйлаб топилган ўша фуқаро эслатган «анекдот»га кулишимизниям йиғлашимизниям билмай ортга қайтдик...

Аммо ҳамон қулоғимиз остида таблодаги овоз жаранглайди: «Мажбурий ижро бюроси сансалорликка йўл қўймайди...»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг