Сирдарё постида ҳар бири 100 минг долларлик ноёб Қошғар вазалари ушлаб қолинди
Ушбу Қошғар чинни вазалари XVII-XVIII асрларга мансуб. Бўйи салкам 62 см. Ҳар бирининг қиймати 100 минг АҚШ долларига баҳоланган.
2019 йил 21 октябрь куни «Сирдарё» чегара-божхона пости орқали ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётганда давлат божхона хизмати органлари томонидан ушлаб қолинган.
«Сирдарё» чегара божхона постига «Ласетти» автомашинасида кириб келган фуқаро Х.Д.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортади.
Шундан сўнг автомобиль ва унинг тиркамасидаги юклар ҳайдовчи ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада, ушбу шахс декларацияда кўрсатилмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, Маданият вазирлигининг тегишли рухсатномаси бўлмаган, 32 дона турли кўринишдаги ҳайкаллар, 1 дона икона, 1 дона хоч, 12 дона кўза ҳамда 1 дона вазаларни яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Бадиий экспертиза хулосасига кўра, ушбу маданий бойликлар XVII аср охири – XVIII аср бошларида Хитой давлати ҳамда ХIX аср охири ва XX аср бошларида Ғарбий Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлиги ва уларнинг умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этиши маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter