Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда газ етишмовчилиги сабабини маълум қилди

Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда газ етишмовчилиги сабабини маълум қилди

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича айни вақтда халққа ҳисобот бермоқда. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилди.

Ҳоким вилоятни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича маълумот бераркан, муаммоларга тўхталиб ўтди.

«Жорий йилда 2,5 млрд. сўм эвазига намунавий лойиҳадаги уй-жойларни газлаштириш учун режадаги 9,8 км газ тармоқларидан 8 км қисмида қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, 1,5 км аҳоли газ қувурларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш тўлиқ якунланди.

Бундан ташқари, аҳолига 54,5 минг тонна суюлтирилган газ ҳамда 26 минг дона газ баллонлари етказиб берилди.

Йил якунига қадар, 1,8 км газ тармоқлари қуриб битказилади, аҳолига 4,5 минг тонна суюлтирилган газ ҳажмлари ҳамда
2 минг дона газ баллонлари етказиб берилади.

Амалга оширилган ишлар натижасида 8 мингга яқин аҳоли хонадонлари ва 52 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларини табиий газ таъминоти яхшиланади.

2021 йилда аҳоли истеъмолчиларининг газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида 11,5 км янги газ тармоқлари қуриш, 5,5 км газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда 1,5 км газ қувурларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш кўзда тутилмоқда», — дея айтиб ўтди ҳоким.

Шундан сўнг Шуҳрат Абдураҳмонов газ таъминотидаги муаммоларга тўхталди.

«Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Андижон вилоятига табиий газ магистрал газ қувурлари орқали Бухоро вилоятидан ўртача 2 минг км масофадан етказиб берилади. Водий вилоятлари ичида Андижон вилояти магистрал газ қувурининг охирги ҳудудида жойлашганлиги сабабли ҳозирда газ таъминотида узилишлар юзага келмоқда.

Магистрал газ қувурларида лойиҳавий газ босими 17-20 килограмм бўлиши белгиланган бўлсада, амалда ноябр-декабр ойларида 3-5 килограммгача пасайиши кузатилди.

Бу эса газ тармоқларининг охирги нуқталарида жойлашган истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашда муаммоларни юзага келишига олиб келди.

Ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда, аҳоли газ таъминотини яхшилаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари ҳамда бошқа улгуржи истеъмолчиларга газ берилиши вақтинча тўхтатилиб, бундан иқтисод қилинган кунлик ўртача 200 минг метр кубгача бўлган табиий газ аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилмоқда.

Ҳозирда Энергетика вазирлиги, «Ўзтрансгаз» ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари томонидан белгиланган ҳажмда табиий газ билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, «Ўзтрансгаз» бизга 246 мингта хонадонга табиий газ етказиб бера оламан, дея кафолат берган эди. Бугунги кунда дарҳақиқат газ муаммоси мавжуд. Биз табиий газ етиб бормайдиган хонадонларни кўмир ва газ балон билан таъминлаб бера оламиз. Бир-биримизни қийнамасдан, келишиб ишласак бўлмайдими?» — дея таъкидлаб ўтди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг