Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шри-Ланка ҳукумати мусулмонлардан узр сўради

Шри-Ланка ҳукумати мусулмонлардан узр сўради

Шри-Ланка ҳукумати мамлакатнинг мусулмон аҳолисидан коронавирус пандемияси даврида COVID-19`дан вафот этганларнинг жасадини кремация қилишга, яъни махсус печда ёқишга мажбурлагани учун узр сўради. Коломбо маъмурияти келгусида мусулмонлар ва бошқа диний жамоалар ҳақ-ҳуқуқи бузилмаслиги, уларнинг жасадни дафн этиш ёки ёқиш ҳуқуқи кафолатланишига ваъда берган.  

Шри-Ланкадаги мусулмонлар жамоаси ҳукумат расман кечирим сўраганини олқишлагани ҳолда, жасадларни мажбуран ёқишни тавсия этган олимлар судга берилишини маълум қилган.

2019-2022 йилларда мамлакат президенти лавозимида фаолият юритган Готабая Ражапакса коронавирус пандемияси даврида мусулмон аҳолига яқинларининг жасадини дафн этишни ман этган ва уларни ёқишга мажбурлаган эди.

Орол-давлатнинг мусулмон аҳолиси диний ҳуқуқи ва туйғулари поймол этилишига олиб келган бу қарор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Amnesty International каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўша вақтда жасадни исломий арконларга кўра дафн этиш коронавирус тарқалишига сабаб бўлмаслигини уқтирган эди.

Шри-Ланканинг собиқ президенти яқинда чоп этилган китобида баҳсли қарорини экспертлар кенгаши талабини бажаргани билан оқлашга уринган.

Готабая Ражапакса 2021 йилнинг февраль ойида халқаро ҳамжамият талаби ва Покистон бош вазири Имрон Хоннинг сўрови ортидан мусулмонларни жасадларни куйдиришга мажбурлаш сиёсатидан воз кечган. Мусулмон аҳолига тегишли майитларни чекка ҳудудда, ҳарбийлар назорати остида, марҳумларнинг яқинлари иштирокисиз дафн этиш амалиёти йўлга қўйилган. 

Шри-Ланкада яшовчи 22 миллион аҳолининг 10 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Мусулмонлардан фарқли ўлароқ, буддавий ва ҳиндувий динларига мансуб маҳаллий аҳоли яқинлари жасадини ўтда куйдиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг