Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шоҳпур Гултўраев: «Афсуски, Ўзбекистондаги аксарият банклар учун маҳсулотлар ва хизматлар ҳамон бирламчи масала»

Шоҳпур Гултўраев: «Афсуски, Ўзбекистондаги аксарият банклар учун маҳсулотлар ва хизматлар ҳамон бирламчи масала»

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Буюк Британиядаги Лондон Брунел университетида МБА йўналишида таҳсил олаётган Шоҳпур Гултўраев бўлди.

Шоҳпур Гултўраев 2010 йили Тошкент молия институтини, 2012 йили Банк-молия академиясини тамомлаган. «Ўзсаноатқурилишбанк»да масъул лавозимларда меҳнат қилган.

Суҳбатимиз Ўзбекистон банк соҳасидаги муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари, бу борада Буюк Британия тажрибаси ва бошқа мавзуларда кечди.

— Шоҳпур ака, нега айнан банк соҳасини танлагансиз?

— Банк соҳасига кириб келишимга болалигимдан математика, физика, иқтисодиёт каби фанларга қизиқишим сабаб бўлган бўлса керак. Ҳатто 11 ёшимда ота-онамга оилавий бюджетни тузиш бўйича «консалтинг хизмати»ни таклиф қилганман.

Университетни танлаш вақти келганда қизиқишларим нимага тўғри келишини билган ота-онам банк соҳаси йўналишида ўқишга киришни маслаҳат беришган.

Шу тариқа 2006—2010 йилларда Тошкент молия институтида «Банк иши» йўналишида таҳсил олдим. Ўқишни тугатгач, салкам 10 йил «Ўзсаноатқурилишбанк»да турли вазифаларда, хусусан, 2-тоифали мутахассис, департамент директори бўлиб ишладим.

2019 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси ғолиби бўлиб, ҳозирги кунда Буюк Британиядаги Лондон Брунел университетида МБА йўналиши бўйича таҳсил оляпман.

— Мутахассис сифатида Буюк Британия ва Ўзбекистон банк тизимидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларни нималарда кўрасиз?

— Очиғини айтганда, фарқ жуда катта. Масалан, асосий тафовутлардан бири банкларнинг фаолият кўрсатиш концепцияси ва ахборот технологияларини қўллаш даражаси.

Даставвал фаолият кўрсатиш концепцияси тўғрисида гапирсам. Буюк Британияда барча ривожланган давлатлардаги каби технологиялар ривожланиши ва янги турдаги бизнес моделлар пайдо бўлиши билан корхоналар, жумладан, банклар фаолиятида мижозлар ва уларнинг эҳтиёжини қондириш биринчи ўринга чиқди. Мижозлар ва уларнинг эҳтиёжларини ўз фаолиятининг асосий мезонига айлантириш концепциясини инглизлар «Customer-centric model» ёки «Outside-in model», дейишади.

Афсуски, бизда бунинг акси — Ўзбекистондаги аксарият банклар ҳали ҳамон маҳсулотлар ва хизматларни ўз фаолиятининг асосий мезони сифатида кўришади. Мисол учун, мобил илова ишлаб чиқилади ва мижозларга тақдим қилинади. Аммо, мижозларда иловага нисбатан қандай талаблар борлиги, нима эҳтиёжлари қондирилмаётганлиги деярли ўрганилмайди. Бу концепциянинг номи «Product-centric model» ёки «Inside-out model».

Умид қиламанки, Ўзбекистонда ҳам банклар яқин келажакда мижозларга йўналтирилган, соғлом корпоратив маданият, тўғри мотивацион тизимлар ва бизнес жараёнларни ўрнатиш орқали ўз фаолиятларини яхшилайди.

Ахборот технологияларини қўллашдаги фарққа тўхталадиган бўлсам, ҳозир Британияда «Необанклар» жадал ривожланиб боряпти. Необанк деганда янги технологиялар ва янги платформалар асосида фаолият кўрсатувчи филиалсиз онлайн банклар тушунилади. Мисол учун, бугунги кунда Буюк Британиянинг деярли 50 фоиз аҳолиси асосий банк сифатида необанклар хизматидан фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, британияликлар «Open banking» концепциясидан унумли фойдаланишяпти. «Open banking» нима ўзи? У фойдаланувчиларга барча банклардаги ҳисоб рақамлари, омонатлари, кредитлари ва бошқа маълумотларини битта мобил илова ёки веб-сайт орқали бошқариш имконини берувчи технология. Ўйлайманки, бу технологиялар ҳам тез орада Ўзбекистонда оммалашади.

— Мамлакатимизда банк соҳасини янада яхшилаш учун сизнингча яна нималар қилиниши керак?

— Бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар сирасига давлатнинг банклардаги эгалик улушини ва банклар фаолиятига аралашувини кескин камайтириш ҳамда банк ва молия бозорида барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратишни айта оламан.

Мазкур чораларнинг амалга оширилиши банк тизимини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда самарали фаолият кўрсатиши, яъни иқтисодиётдаги жамғармаларнинг энг самарали эҳтиёжлар ва инвестицияларга йўналтирилишини таъминлайди.

— Суҳбатимиз аввалида молиявий супермаркет лойиҳаси – depozit.uz лойиҳасини амалга ошираётганингиз ҳақида гапирдингиз. У қандай муаммо ечимига қаратилган?

— Буюк Британияда олаётган билим ва кўникмаларимни қўллаган ҳолда ва уларни амалиётда мустаҳкамлаш мақсадида depozit.uz молиявий супермаркет лойиҳасига киришдим.

Кўпинча, юртдошларимиз кредит олиш, бўш маблағларини банк омонатига қўйиш ёки валюта айирбошламоқчи бўлганларида қайси банкда энг яхши таклифлар мавжудлигини билишмайди. Барча банкларнинг таклифларини ўрганиб, уларнинг шартларини солиштириб чиқиш кўп вақт, анча меҳнат ва маълум билимни талаб қилади. Мен амалга ошираётган лойиҳа банк-молия соҳасидаги барча таклифларни битта платформада жамлаш ва фойдаланувчиларга энг қулай ва фойдали таклифни танлашда ва банк-молия хизматларини расмийлаштиришда ёрдам беради.

— Анъанавий саволимизга ўтсак: китоб ҳам мутолаа қилиб турасизми?

— Китоб ўқиш — болалигимдан энг ёқтирган машғулотларимдан. Авваллари кўпроқ бадиий китоблар ўқирдим, сўнгги пайтларда бизнес адабиётлар ва муваффақиятли инсонлар биографияларини ўқияпман.

Охирги ўқиган китобим Буюк Британия тарихидаги энг кўзга кўринган сиёсий арбобларидан бири Уинстон Черчиллнинг биографияси. Уинстон Черчилль кўп йиллик сиёсий фаолияти давомида, хусусан, 20 асрда инсоният тарихида туб аҳамиятга эга бўлган сиёсий воқеаларда бевосита иштирок этган ва маълум даражада мазкур жараёнларга таъсир қўрсатган шахсдир. Умри давомида ҳарбий хизматчи, журналист, ёзувчи, рассом, адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлган таниқли сиёсий арбоб Иккита жаҳон урушлари давомида ва ўта мураккаб вазиятларда ностандарт қарорлар қабул қилиб, муваффақиятга эришган.

Бундан ташқари, биографияда Буюк Британия тараққиётида самарали таълим тизими, ўзаро тийиб туриш мехнизмларига асосланган суд, қонунчилик ва ижро тизимлари қанчалар муҳим ўрин эгаллагани ёритиб ўтилган.

— Келажакдаги режаларингиз?

— Биринчи навбатда Лондондаги ўқишимни муваффақиятли якунлаш. Кейин албатта Ўзбекистонга қайтиб, молиявий соҳадаги бир қанча лойиҳаларимни амалга оширмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг