Ширинлик ихтирочи машиналарни қизил чироққа автомат тўхтатадиган лойиҳани тақдим этди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Ёшлар оромгоҳи»да «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида «Ёш инновациячи» кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 42 нафар ёш ихтирочи иштирок этишмоқда.
– Танловда ўзимни «ақлли замонавий уй» лойиҳам билан иштирок этдим, – дейди Бухоро туман касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилёр Эргашев. – Мен яратган «ақлли уй» аслида чекка қишлоқларда яшовчи фуқороларга мослаб яратилган. Агар бундай уйингиз бўлса, 5 км. узоқликкача бўлган бирор-бир нохуш ҳодисадан масофавий пулт орқали хабардор бўлишингиз мумкин.
Ғузор нефть ва газ саноати коллежи ўқувчиси Сарвиноз Озодованинг помидордан йилига беш марта ҳосил олиш борасидаги инновацион ишланмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
– Мен ишлаб чиққан лойиҳада сомон ҳандақда 2 ой ивитилиб, чиритилади ва қопларга солиниб, унга помидор ва бодринг экилади, – дейди ёш ихтирочи. – Қарабсизки, маҳсулот 35 кунда тайёр бўлади. Энг муҳими, бундай усулда экилган помидор кўчатлари бугунги кунда вилоятимизда кўп тарқалган занг ва қурт касаллигига чалинмайди.
Кўрик-танлов совриндорлигига номзодларни тавсия этиш ва ғолибларни аниқлашда асосий эътибор номзодларнинг ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди, етакчилик қобилияти ҳамда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини қай даражада ўзлаштира олганига қаратилди.
– Танловда тўсиқларни автоматик тарзда сезувчи автомобиллар лойиҳаси билан иштирок этдим, – дейди Ширин энергетика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Умар Эргашев. – Лойиҳамга кўра автомобиллар ҳар қандай тўсиқларни автоматик тарзда сезади ва тўхтайди. Қолаверса, светофорнинг қизил чироғи ёнса ҳам, автомобиль автоматик тарзда тўхтайди. Бу ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
– Танловда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун қулай бўлган мулътиватор ускунам билан қатнашдим, – дейди сурхондарёлик иштирокчи Фарҳод Тошпўлатов. – Бу ускунанинг афзаллиги шундаки, ҳеч қандай ёқилғисиз қуёш энергиясидан қувват олган ҳолда бир вақтнинг ўзида ернинг қатқалоғини юмшатади ва бегона ўтлардан тозалайди. Энди бу ускунамни янада такомиллаштириш орқали аҳолининг ўз томорқасидан янада кўпроқ даромад олиши учун кўмаклашмоқчиман.
Таъсис этилган илк йилданоқ, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотган кўрик-танлов натижаларига кўра, ҳар бир йўналишдан 6 нафардан ёш ихтирочи ғолиб деб топилади. 18 нафар ўқувчига кейинги ўқув йили давомида стипендия белгиланади ва O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда касб-ҳунар таълими марказининг дипломи топширилади.
Бундан ташқари, кўрик-танловнинг фаол иштирокчиларига «Энг ёш инновацион ғоя муаллифи», «Энг самарали инновацион лойиҳа муаллифи», «Кичик бизнес учун энг истиқболли инновацион лойиҳа муаллифи», «Энг яхши инновацион ишланма муаллифи» каби номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирувчи мукофотлар топширилади.
Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни танловнинг республика босқичи ғолибларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter