Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шинжон дурдонаси: Кўҳна Қошғар, 6 минг долларлик пичоқ, Гиннес рекордига кирган чолғу асбоблари (фото)

Шинжон дурдонаси: Кўҳна Қошғар, 6 минг долларлик пичоқ, Гиннес рекордига кирган чолғу асбоблари (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Шинжон вилоятидаги энг қадимий шаҳарлардан бири — Қошғар Буюк Ипак йўлидаги муҳим савдо маркази бўлган. Шарқ ва Ғарб маданиятлари кесишган бу тарихий шаҳар ўзига хос муҳити билан саёҳатчиларни жалб этишда давом этмоқда.

Ушбу сеҳрли диёрга саёҳатимиз давомида нафақат шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаёти, анъаналари, бой ҳунармандчилиги ва мусиқаси, бир сўз билан айтганда, Қошғар руҳини ҳис эта олдик.

Шаҳар шунчаки Ипак йўли савдо йўлларининг чорраҳаси бўлиб қолмай, турли динлар, тиллар ва маданиятларнинг ўчоғига айланган. Бу ерда турли маданиятларнинг изларини топишингиз мумкин, уларнинг уйғунлиги меъморчилик, санъат ва аҳолининг кундалик анъаналарида кўринади. Ид Каҳ масжиди каби қадимий обидалар шаҳарнинг бой тарихидан далолат беради.

1442 йилда қурилган Ид Каҳ Хитойдаги энг катта масжиддир. 

Қошғарнинг эски шаҳри минтақанинг маданий юраги ҳисобланади.

Хитой ҳукумати эски шаҳардаги минглаб эски хонадонларни бузиб, ўрнида “сити”лар қурмади, аксинча, ҳар бир хонадонни яна миллий услубида, эски ҳовлилар кўринишида бақувват қилиб қайта тиклади. Бундан ҳудудни туризм орқали оёққа турғазиш кўзлаганди.

Эски шаҳарнинг тарихига оид музейда 30 минг хонадоннинг эски расмлари, видеолари сақланар экан. Ўша хонадонларда яшаган аҳоли ва уларнинг авлодлари музейга келиб интерактив экранлар орқали ўз хонадонларининг эски кўринишларини томоша қилиш имконига эга эканлар.

Ҳозир ҳам Қошғарнинг эски шаҳрида кўп асрлар илгари бўлгани каби, ҳаёт қайнамоқда. Кўҳна шаҳар бўйлаб юрарканмиз, сайёҳларнинг кўплиги ҳайратимизни оширади, бозорларида, кулолчилик ва темирчилик устахоналарида, уйғурча куй-қўшиқлар янграётган хонадонларида, чой ва зираворлар ҳиди таралиб турган дўконларида ҳамон ўтмиш руҳини ҳис қиласиз.

Эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб юриб, заргарлик буюмлари, матолар, кулолчилик ва мусиқа асбоблари ясайдиган ҳунармандларни учратиш мумкин.

Усталарнинг ишларини сайёҳ болакайлар зўр завқ билан кузатишади.

Бу устахоналар авлоддан-авлодга мерос бўлиб, Қашқарнинг ўзига хос анъаналарини сақлаб қолишга ёрдам бермоқда. Пичоқ ясаладиган устахонада турли танловларда ғолиб бўлган намуналардан тортиб, нархи 6 минг долларгача турадиган, бир неча грамм тилла ва жавоҳирлар билан безак берилган қимматбаҳо пичоқлар ҳам учрайди.

Мусиқа ва рақс Қошғар маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Уйғур мусиқаси дутор, рубоб, уд, доира каби миллий чолғу асбобларида ижро этилган ўзига хос оҳанглари билан ўзига ром этади. Айнан Қошғарда Гиннес рекордига кирган миллий чолғу асбобларини учратишингиз мумкин. Бу нафақат санъатга шайдолик, усталари маҳоратининг юқори эканини ҳам исботлайди.

Қошғарнинг ошхонаси ўзбекларникига жуда яқин. Ёпган нон, сомса ва кабобдан тортиб, лағмон ва паловигача татиб кўрдик. Айниқса, палови Шинжоннинг бошқа ҳудудлариникидан анча мазали, худди ўзбек ошидек.

«Нефрит ва қимматбаҳо тошлар макони» деб аталадиган Қошғар 1000 йилдан ортиқ вақт давомида дунёнинг турли бурчакларидан келган савдогарларга ўз эшикларини очган. Бугунги кунда у халқаро савдо ва логистика маркази бўлиб хизмат қилмоқда.

«Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш натижасида жанубий Шинжоннинг савдо салоҳияти ошиб бормоқда. Ўтган йилнинг 1 ноябрида 179,66 кв.км майдонга эга Хитой (Шинжон) тажриба эркин савдо зонаси, жумладан, учта кичик зона – Қошғар, Урумчи ва Хорғосда ташкил этилди. 11 ноябрь куни Қашқарда 28,48 квадрат километр майдонга эга эркин савдо зонаси ишга туширилди. Ҳудудда савдо-сотиқ жадал ривожланмоқда.

Қошғар божхона маълумотларига кўра, импорт ва экспорт ўтган йили 71,2 фоизга ошиб, 83,68 миллиард юанга (11,8 миллиард доллар) етган. Ҳудуд 128 мамлакат ва минтақалар билан алоқага эга.

Қошғар ҳайратга соладиган, илҳомлантирадиган шаҳар. У ерга қилган саёҳатимиз бизга тарих ва маданиятнинг чуқур илдизларини кўрсатди. Бу дунёнинг ҳақиқий бойлиги ва хилма-хиллигини кўриш учун билган ва билмаган жойларимизни зиёрат қилиш нақадар муҳимлигига яққол мисолдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг