Шифокор аёлни маст ҳолда калтаклаган фуқаро 4 йилга қамалди
25 март куни тармоқда «Яна шифокорга тажовуз: маст фуқаро шифокор аёлни калтаклади» номли хабар берилганди.
Унда 24 март куни соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида олиб келингани ҳамда бу ерда бошқа беморларга хизмат кўрсатаётгани учун ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тошпўлатовага тан жароҳати етказгани ҳақида айтилганди.
Шифокор Н.Тошпўлатова «Қўшма краниофациал жароҳат. Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош миянинг оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳалари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея» ташхиси ва бош мия шиши асорати билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган эди.
Ўша пайтдаёқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қонунга мувофиқ ҳукм чиқарилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат билан чиққан эди.
Шундан сўнг тиббиёт ходимига қўл кўтарган фуқарога нисбатан жиноий иш очилиб, суриштирув ишлари бошланган.
2 ноябръ куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида фуқаро У.Н.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Ҳукмга кўра, У.Н.га нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди. Айбланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter