Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ШҲТнинг Самарқанд саммити иқтисодий ҳамкорликнинг янги жабҳаларини белгилаб беради

ШҲТнинг Самарқанд саммити иқтисодий ҳамкорликнинг янги жабҳаларини белгилаб беради

Жорий йил 15-16 сентябр кунлари ШҲТнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммити, геосиёсий ва иқтисодий вазиятнинг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ташкилот раҳбарлари учун глобал кун тартибидаги барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун жуда ўз вақтида ва самарали платформа яратилиши кутилмоқда. Саммитда муҳокама қилинадиган энг муҳим масалалардан бири иқтисодий ҳамкорликни янги жабҳаларини белгилаб олишга қаратилади.

2021 йил якунларига кўра ШҲТга аъзо ташқи савдонинг ўсиши 33 фоизга ошиб, 8 триллион доллардан ошди ва аъзо давлатлар ўртасидаги ички савдо айланмаси қарийб 40 фоизга ўсиб, 768 миллиард долларни ташкил этди (МОХИ маълумотлари). Бу кўрсаткичлар, айниқса, ЯИМ 50-100 млд долларгача бўлган аъзо мамлакатлар учун янги имкониятлар очилиши мумкинлигини англатади.

Мамлакатимизнинг инвестиция имкониятларини ошириш, ШҲТ давлатлари ўртасида капитал алмашинувини янги босқич ва миқдорга кўтариш,  ушбу масала бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, икки томонлама манфаатларни рўёбга чиқариш ва иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг «иқтисодий» ташаббуслари қаторида ШҲТ ишбилармонлар Кенгаши доирасида ўзаро сармояларни илгари суриш бўйича глобал молиявий-иқтисодий таҳликаларни юмшатишга қаратилган қўшма ҳаракат режасини ишлаб чиқиши турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишини олдини олиш, озиқ оақат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий юксалишга эришиш ҳисобидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини қамраб олади.

Саммитда ШҲТнинг минтақалараро савдони ривожлантириш дастури имзоланиши режалаштирилган. Бунда, ҳар бир аъзо мамлакатнинг ички имкониятлари ва ташқи ҳамкорлик омиллари нафақат ўзаро савдо-сотиқни, шу билан бирга миллий ишлаб чиқариш йўналишларининг трасформация қилинишига эришиш мумкин бўлади. Натижада ўзаро савдо-сотиқни товарлар ва хизматлар номенклаутрасининг кенгайиши,  таркибининг янада янгиланиши ва оқибатда, ташкилотнинг барча аъзоларининг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлигини ривожлантириш учун Ўзбекистон томонидан саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича таклиф этилган дастурнинг қабул қилиниши, иқтисодиётнинг таркибий тузилишида ўзгаришларни таъминлаб, ишга солинмаган ишлаб чиқариш салоҳиятини юзага чиқариш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини яратиш, янги иш ўринларини барпо этиш, жумладан хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини янги поғонага кўтариш ҳамда учинчи мамлакатларга қўшимча қийматли маҳсулотлар экспортининг таркибини кенгайтириш имконини беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ШҲТга аъзо давлатларнинг асрлар давомида «Буюк Ипак йўли» билан бирлашган, Шарқдан Ғарбга ва Ғарбдан Шарқга товарлар ва хизматлар айирбошланувини таъминловчи траспорт артериясини шакллантириш ва ишга тушириш ўзаро боғлиқликдаги улкан салоҳият мавжудлигини реал воқеликка айлантиради. Бу йўналишда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл алоқаси лойиҳасини амалга ошириш жуда истиқболли ҳисобланади.

Шу билан бирга, замонавий шароитда Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлиги ташаббусини, шу жумладан Термиз–Мозори-Шариф–Қобул–Пешовар темир йўлини қуришни фаол равишда илгари сурмоқда, бу нафақат ШҲТга аъзо давлатларнинг логистика имкониятларини кенгайтиради, балки шунингдек, Афғонистонни тинч йўл билан қайта қуриш ва Шимолий-Жанубий йўналишдаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.

ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш ва самарали траспорт логистикасини яратиш учун концептуал лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон томонидан таклиф этилган йўл харитасини қабул қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу аъзо давлатларнинг ШҲТнинг траспор ва транзит салоҳиятини очилишига имкон яратади, савдода янги бозорларни қамраб олиш географиясини кенгайтириш, янги бозорлар учун ишлаш таъсирида ишлаб чиқариш турларининг ривожланишига туртки бўлади. Натижада, янги манфаатлар қондирилиши учун техник-технологик ҳамкорлик кўчайиб, иқтисодий алоқаларнинг янги ва кенгайтирилган замонавий турлари қарор топади.

Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган бир қатор концептуал ҳужжатларнинг аҳамияти ва сонини ҳисобга олган ҳолда, саммит натижалари ШҲТнинг фаолиятида янги даврни бошлаб беради.

Рустам ҲАСАНОВ,

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг