Шерзод Шерматов: «Ўзбекистонни дунёга ижобий танитмоқчи бўлсак, халқаро ташкилотларнинг талабларига мос бўлган маълумотларни йиғишни ҳам йўлга қўйишимиз керак»
«Ўзбекистон 2015 йилда Глобал инновацион индексда 141 давлатдан 122-ўрин олган ва энг маълумотлар кам бўлган давлатлар рўйхатига кирган экан. Ундан кейин жуда маълумотлар олиш қийин бўлганига 2016 ва 2017 йил рейтингларига қўшилмаган. 2018 йил рейтингига ҳам қўшилмаса керак, сабаби, бундай рейтингларда маълумотлар анча олдиндан йиғиб олинади ва таҳлил қилишга кўп вақт ажратилади», — деб ёзди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида.
Унинг ёзишича, Ўзбекистонни дунёга ижобий танитмоқчи бўлсак, албатта, халқаро ташкилотларнинг талабларига мос бўлган маълумотларни йиғишни ҳам йўлга қўйишимиз керак. Кўпчилик индекслар бошқа Халқаро ташкилотлар индекслари асосида йиғилиб қилинади, шунинг учун бир халқаро ташкилотга маълумот берилмаса ёки сифатсиз берилса, кейинчалик бу бошқа ташкилотлар томонидан ишлаб чиқиладиган индекслар сифатига таъсир кўрсатади. Бунинг учун барча вазирлик ва идораларнинг тегишли бўлинмалари халқаро индексларга таъсир қиладиган кўрсатгичларни вақтида йиғилиши ва тақдим қилинишига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.
«Лекин мақсад одатдагидек фақат рейтингни ошириш бўлиб қолиши керакмас. Аксинча, ОБЪЕКТИВ маълумот бериб айнан шу рейтинглардан фойдаланиб, бошқа давлатлардан ортда қолаётган йўналишларни яхшилаш бўйича вазифаларни белгилаб олиш керак», — дея қайд этди вазир ўринбосари.
Шерзод Шерматов инновация муҳитини яратишга жуда кўп омиллар таъсир этишини инновация рейтингини таҳлили ҳам кўрстаётганини таъкидлайди. Унинг айтишича, Ўзбекистон мисолида 2015 йилдаги ҳолатни таҳлил қилинса (расмда) энг орқага тортаётган муаммолар бу (соддароқ таржималар):
— қонунчиликни сифати ва ижросидаги муаммолар;
— олий таълим муаммолари;
— экология талабларига етарли эътибор қилинмаслиги;
— сармоядорлар бозорини шакллантирилмаганлиги;
— бизнесни юқори технологияларга боғлиқ қисми камлиги;
— таълим ва ишлаб чиқариш орасидаги инновацион боғлиқлик камлиги;
— халқаро стандартлар жорий этиш, халқаро патентлар олиш, чет эл ахборот ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа соҳалардаги оқсоқликлар.
«Ушбу соҳаларга масъул идоралар ўзларининг юқори малакали экспертларини ажратишда ёрдам берсалар, биргаликда шу йўналишларда ижобий ўзгаришларни амалга ошириш имкони пайдо бўларди. Хозирча расмий мурожаатга расмий (отписка) жавоб келаяпти», — дея хулоса қилади Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter