Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов мактаб имтиҳонларида адолатли тизим қандай йўлга қўйилганини айтиб берди (видео)

Шерзод Шерматов мактаб имтиҳонларида адолатли тизим қандай йўлга қўйилганини айтиб берди (видео)

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Халқ таълими вазири бўлиб ишлаган пайтда мактаб имтиҳонларида сунъий интеллектни қўллаб, адолатли тизимни ўрнатиш ишлари бошланганини айтиб берди.

Бу ҳақда у 24 ноябр куни бўлиб ўтган «Сунъий интеллект — технологик ривожланиш асоси» мавзусидаги халқаро анжумандаги маърузаси чоғида гапирди.

«Масалан, мен ўзим бу лавозимга қўйилганимга 1 ҳафтаям бўлмади, унгача Халқ таълими вазирлигида ишлаганман. Шу даврда Баҳолаш маркази очиб, сунъий интеллектни қўллаб, тест ўтказдик, бунда бир-биридан кўчириш, телефон ишлатиш ва бошқа шу каби ҳолатларнинг олдини оладиган тизим ишлаб чиқдик. Камерадан ҳаммага бирдек қараб туришга одам улгурмаслиги мумкин, лекин биз яратган тизимда сал уёқ-буёққа қимирласа ҳам, сунъий интеллект дарров аниқлаб, дисквалификация қилади. Шу орқали имтиҳон ўтказишда адолатли тизимни йўлга қўйиш ишларини бошлагандик», деди Шерматов.

АКТ вазирининг фикрича, бундай анжуманлар сунъий ақлнинг ижобий ва салбий томонлари, келажакда олдимизда турган имкониятлари ва хатарларини ҳам таҳлил қилиш, тўғри йўлни танлашга ёрдам беришини айтган.

«Сунъий ақл кўринишидан жуда қийин соҳага ўхшайди, лекин биз ҳозир бу билан шуғулланмасак, эртага кеч бўлиб қолиши мумкин. Масалан, тўртинчи саноат инқилоби ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳамма ишларни машиналар бажаради. Буларнинг бари иқтисодиётда ҳам, давлат бошқарувида ҳам инсон омилини камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, таълим, илм-фан йўналишидаги одамларга озроқ муаммо туғдиради, яъни улар фарзандларини қайси касбга ўқитиши керак бўлади? Ҳамма ёқ сунъий ақлга айланиб кетса, бизнинг болаларимиз ишсиз қоладими, деган тушунчалар ҳам пайдо бўлиши мумкин», дея савол ўртага ташлайди вазир.

Унинг билдиришича, бундай саволларга айнан мана шундай халқаро анжуманлар орқали, тажриба алмашиш ҳисобига жавоблар олиш мумкин. Шерматовнинг айтишича, Ўзбекистондаги деярли барча давлат идоралари, вазирликлар сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳаракатида. «Осмондаги гапга ўхшаши мумкин, лекин исталган соҳада сунъий интеллектнинг фойдаси тегади», дейди АКТ вазири.

«Яна бир муҳим масала, machine learning, яъни машиналарни ўқитиш соҳасини ҳам ривожлантиришимиз керак, яъни машиналар ўқийдиган маълумотларни кўпайтириш. Оддий мисол келтирсам, автобусларнинг қатнов вақтларини осонроқ ва аниқроқ қилиб берилса, бекатда турган тадбиркорга ҳам қулай бўлади. Чунки бекатдаги одам автобус келишига ҳали вақт борлигини аниқ билиб, дўконга кириб бемалол савдосини қилиши мумкин», дея фикр билдирди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг маълум қилишича, айни пайтда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси тайёрланмоқда. Бунинг учун таклифлар қабул қилиниши айтилган.

«Бу стратегия осмондан олинмайди, баландпарвоз бўлмайди, одамларга фойдаси тегадиган содда қилиб тузилади. Ҳаммага раҳмат», дея сўзини якунлади вазир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг