Шавкат Мирзиёев: «Хомашё ва уни қайта ишлаш билан узоққа бориб бўлмайди»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни илм-фан ва олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан бўлган учрашувда айтилган таклифлар ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга доир таклифларни муҳокама қилиш учун махсус майдон яратиш мақсадида Республика фан ва технологиялар кенгашини ташкил этишни таклиф қилган, олимлар буни қўллаб-қувватлаган эди.
Йиғилишда мазкур кенгашнинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, соҳага оид давлат дастурларини шакллантириш ва марказлашган тартибда молиялаштириш орқали илм-фанни тубдан ривожлантириш, юксак натижадорликка йўналтирилган ихтисосликлар бўйича миллий лабораториялар тизимини яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, халқаро рейтингларда мамлакатимиз фани нуфузини кўтариш бўйича топшириқлар берилди.
Иқтисодиётда юқори самара берадиган ва ижтимоий масалаларни оқилона ҳал этишга қаратилган йўналишлар белгиланиб, уларни ривожлантиришга масъуллар бириктирилди.
Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети негизида илмий мактаблар яратиш, нанотехнологиялар, материалшунослик, яримўтказгичлар физикаси, биофизика ва биохимия, биотехнологиялар бўйича олимлар авлодини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, олимлар билан учрашувда тўртта йўналиш бўйича доимий комиссиялар тузишга келишиб олинган эди. Бу галги йиғилишда мазкур комиссияларнинг вазифалари, комиссия аъзоларининг иш тартиби ва масъулияти белгиланди.
Биринчи комиссия илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини доимий таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий ёрдам кўрсатади.
Иккинчи комиссия олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни ҳамда таълим сифатини таҳлил қилади ва унга баҳо беради.
Учинчи комиссия олий ўқув юртларидаги маънавий-маърифий ишлар, 5 та ташаббуснинг амалга оширилишини таҳлил қилади.
Тўртинчи комиссия олий таълим ва илм-фан соҳасида салмоқли ютуқларга эришган хориждаги ватандошларимизни юртимизда мутахассислиги бўйича фаолиятга жалб қилиш бўйича иш олиб боради.
– Бу ишлардан асосий мақсад мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш. Хомашё ва уни қайта ишлаш билан узоққа бориб бўлмайди. Қолаверса, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат олиш учун ҳам инновациялар керак. Шу боис илм-фан тараққиётимизнинг муҳим йўналиши, таянчи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Академик олимлар, профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, талабаларга замонавий шарт-шароит яратиш, улар орасидан бўлажак илм-фан вакилларини топиб, камолга етказиш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб, илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter