Шавкат Мирзиёев Татаристон Президенти бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди.
Мамлакатимиз ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари Тошкент вилояти мисолида кўриб чиқилди.
Устувор йўналишларда кооперация бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш учун кенг имкониятлар мавжуд экани алоҳида таъкидланди. Бугун бўлиб ўтган икки томонлама ишбилармонлар форумининг самарали натижалари ҳам буни яна бир бор тасдиқлади.
Қўшма индустриал парк ташкил этиш, кимёвий, металл, электротехника маҳсулотлари ва турли ускуналар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик корхоналар барпо этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, рақамлаштириш ва инновацион ечимларни жорий қилиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Учрашувда талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш мақсадида кенг савдо-логистика тармоғини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал хўжалик ва ободонлаштириш соҳасини бошқариш, транспорт коммуникациялари ва инфратузилмасини такомиллаштириш борасида ҳамкорлик қилиш ва шу соҳалардаги илғор технологияларни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги фаол алмашинувлар ҳам давом эттирилади.
Учрашув якунида қўшма «йўл харита»лари асосида муҳим йўналишлар бўйича амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш юзасидан келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter