Шавкат Мирзиёев Сергелидаги бадбўй ҳид муаммосига тўхталди
Шавкат Мирзиёев Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги оқова сувлар билан боғлиқ экологик муаммога тўхталди.
«Хабарим бор, сўнгги йилларда Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги оқова сувлар билан боғлиқ экологик ҳолат аҳолининг кўплаб ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шуни ҳисобга олиб, кунига 1,5 миллион куб метр оқова сув тозалаш қувватига эга янги замонавий иншоот барпо қилинади.
Бунга Бирлашган Араб Амирликлари Абу Даби тараққиёт жамғармаси 240 миллион доллар инвестиция киритишга тайёр», – деди номзод.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг Сергели тумани «Ўзгариш» маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли бир неча йилдан буён ёқимсиз ҳиддан азият чекиб келади. Сўнгги йилларда нафақат ушбу маҳаллада, Сергели ва Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам мунтазам ёқимсиз, бадбўй ҳид тарқалмоқда, кечалари эса у янада кучаяди. Ушбу ҳудудда «Салар» тўйинтириш иншооти жойлашган.
Ўтган йилларда бу масала бир неча бор кўтарилганди.
Ўшанда мутахассислар ёқимсиз ҳид таралишининг асосий сабаби «Салар» тўйинтириш иншооти ҳамда Бўзсув каналига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқава сувлар ва чиқиндилар оқизилиши дейишганди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳақда видеолавҳа тайёрлаганди.
Вазиятга Сенат аралашиб, Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси ҳал бўлиши ваъда қилинганди.
Бадбўй ҳиднинг келиб чиқиш омиллари бўйича Давлат экология қўмитаси бош мутахассиси ўрганиш натижаларини эълон қилиб, бунга асосан оқова сув тозалаш иншоотлари самарадорлигининг жуда пастлиги ҳамда тозалаш қурилмаларининг маънан эскирганлиги билан боғлиқ, деган хулоса берганди.
Ҳатто Сергелидаги бадбўй ҳид ортидан 22 нафар масъулга маъмурий иш қўзғатилганди.
Вазият ҳукумат даражасигача кўтарилиб, Тошкентдаги «Салар» оқова сув тозалаш иншооти фаолиятини ўрганиш учун бош вазир ўринбосари Б.Мусаев (ўша вақтда – таҳр.) бошчилигида Ҳукумат комиссияси ташкил этилади. Комиссия бир қатор йўналишлар бўйича ўрганиш олиб бориш топширилади.
Бунинг натижасида ўтган йили кучли ҳид таралиши маълум даражада бартараф қилинганди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, муаммо яна жиддий тус олди. Сергелида таралаётган бадбўй ҳид ҳамон йўқолгани йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter