Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев «рухсат берувчи» идоралар сонини қисқартириш кераклигини айтди

Шавкат Мирзиёев «рухсат берувчи» идоралар сонини қисқартириш кераклигини айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу тадбир жорий йил 23 июль куни ўтган йиғилишнинг мантиқий давоми бўлди. Ўшанда соҳадаги тизимли муаммолар чуқур муҳокама қилиниб, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Бу галги йиғилишда шу борадаги ишлар қандай ташкил этилаётгани юзасидан мутасадди вазирлик ва ташкилот, ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Улар тадбиркорлар ташаббусларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни республика идоралари аралашувисиз, жойида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Масалан, ер ажратиш ҳамда инфратузилмага уланиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилса, тадбиркорларнинг аксарият муаммоси ечилади. Лекин ер ажратиш учун хулоса берадиган саккизта идора томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари асоссиз равишда, ойлаб чўзиб юборилмоқда.

Президент мазкур ташкилотларнинг рухсат беришга оид функциясини мувофиқлаштириш, улардаги маълумотлар базасини интеграциялаш орқали бундай «рухсат берувчи» идоралар сонини қисқартириш, бу борадаги тартибни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигига йирик корхоналарнинг бўш турган объектлари негизида қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этиш, уларни электр, сув, газ, йўл ва алоқа коммуникациялари билан таъминлашга кетадиган харажатларнинг 65 фоизини республика бюджетидан қоплаш тартибини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг