Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ипакчилик кластерлари ташкил этишга кўрсатма берди (фото)

Шавкат Мирзиёев ипакчилик кластерлари ташкил этишга кўрсатма берди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги «Ипак гиламлар» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари илгари сурган Беш ташаббуснинг бешинчиси аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган. Бу ташаббусни амалга ошириш учун «Ўзбекпахтасаноат» ва «Ўзбекипаксаноат» акциядорлик жамиятлари томонидан мамлакатимизнинг барча туманларда тикув-трикотаж корхоналарини ташкил этиш ва хотин-қизларни ишга жалб этиш белгиланган. 

Қўштепа туманидаги «Ипак гиламлар» корхонаси  ана шундай муассасалардан биридир.

Икки қаватли бинода хотин-қизлар учун замонавий шароитлар яратилган. Туркиядан зарур ускуналар олиб келиниб, йилига 9 миллиард сўмлик 500 квадрат метр ипак гилам ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган.

Бугун бу ерда 200 нафар хотин-қиз ишламоқда. Маҳсулотлар АҚШ, Туркия, Россия, Эрон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 

Ипакдан тўқилган гиламларнинг ноёблиги шундаки, йиллар ўтса ҳам хусусиятини йўқотмайди, аксинча, ранги янада очилиб боради. Шунинг учун бундай гиламларнинг ўлчами кичик бўлса-да, жаҳон бозорида жуда қиммат ҳисобланади. Деворий суратча келадиган биргина гиламча 500 долларгача сотилиши мумкин. 

Шу боис корхонада экспортни йилига 500 минг долларга етказиш режалаштирилган.  

Давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини янада кенгайтириш, бу ерни Фарғона туризм йўналишига киритиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда унинг расталарини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди. 

— Бундай корхоналар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан жуда зарур. Биринчидан, юзлаб хотин-қизлар иш билан таъминланади. Иккинчидан, юртимизда бу соҳада анъана, катта имконият бор. Минтақа давлатларига, ташқи бозорларга эса йўллар очиқ. Шунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси тасарруфида ипакдан маҳсулотлар тайёрлаш бўйича кластерлар ташкил этиш керак. Шунда хомашё етказиш ҳам барқарор бўлади, таннарх ҳам тушади. Пилла боқишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда минглаб хотин-қизларимиз ишлайди. Ишлаган аёлнинг турмуши, дунёқараши, фарзанд тарбиясига эътибори ҳам бошқача бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бу борада тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш, хотин-қизлар учун иш ўринларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг