Шавкат Мирзиёев ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди
Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида кунига 800 дан ортиқ шахсга 60 га яқин хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Келувчилар учун тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, ошхона ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев марказдаги шароитлар билан танишди. Аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар турлари, сифати ва тезкорлиги билан қизиқди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди.
Муассаса ходимлари билан мулоқотда хизмат турларини янада кўпайтириш, аҳолининг интернет хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
— Бу тизимдан энг катта мақсад — одамларнинг оғирини енгил қилиш. Ҳамма ҳудудларни ва хизматларни шу тизимга қамраб олсак, сарсончилик, адолатсизлик, коррупция бўлмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу марказ биносида жойлашган «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter