Шавкат Мирзиёев битирувчиларга табрик йўллади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади. Қуйида табрик матнини тўлиқ келтирамиз.
“Қадрли фарзандларим!
Аввало, мана шу қувончли айёмда етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Сизлар орзиқиб кутган 25 май санасида мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 392 минг нафар ёшларимиз қадрдон мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашмоқда. Айниқса, 12 мингдан ортиқ битирувчиларимиз ўқишни олтин, 2 мингдан зиёди кумуш медаль билан якунлаётгани байрам шукуҳини янада оширмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеалардир.
Сизларни замонавий таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашингиз учун янгиланган Конституциямизда белгиланган беқиёс имкониятлар кутмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар – янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир.
Азиз ўғил-қизларим!
Бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётида миллий юксалиш даври бошланмоқда. Айниқса, таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор бераётганимиз сизларга яхши маълум. Хусусан, Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили деб ном олган 2023 йилда махсус давлат дастурини қабул қилиб, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва обрў-эътиборини ошириш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз.
Ҳозирги вақтда юртимизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим мактаблари, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари билан бирга кўплаб нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият юритмоқда.
Биргина ўтган йили 3,2 триллион сўм маблағ ҳисобидан 807 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу йил эса ўрта таълим масканларига 40 минг дона замонавий компьютерлар, 442 та комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилди.
“Баркамол авлод” болалар мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда, ёшларимиз ўртасида китобхонликни кучайтириш, уларни адабиёт, санъат ва спорт тўгаракларига фаол жалб этиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.
Ана шундай ишларимизнинг самараси сифатида юртимиз ўқувчилари жорий йилда минтақавий ва халқаро фан олимпиадаларда 2 та олтин, 15 та кумуш, 27 та бронза медалларини қўлга киритгани, 6 нафар истеъдодли қизимиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлгани барчамизни хурсанд қилади.
Шунингдек, ўқувчиларни мактаб давридаёқ касбга эга бўлишлари учун 11-синфни ҳаётга йўлланма берувчи синф деб белгилаб, ёшларга камида иккита чет тили ҳамда тадбиркорларни жалб қилган ҳолда битта замонавий касб ўргатиш тизими жорий қилинмоқда.
Ҳурматли битирувчилар!
Кейинги пайтда Ўзбекистон униб-ўсиб келаётган сиздек азму шижоатли ёшларимиз учун улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бормоқда. Юртимиздаги 210 та олийгоҳ, 330 та касб-ҳунар мактаби, қарийб 400 га яқин коллеж ва техникумлар сизларга ўзингиз танлаган соҳалар бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлиш учун имконият майдони бўлиб хизмат қилади.
Талабаларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, олий маълумот олишини таъминлаш мақсадида 154 та олийгоҳда сиртқи, 15 та олийгоҳда эса масофавий таълим шакли фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, давр талабидан келиб чиқиб, ёшларни замонавий касбларга ўргатадиган мономарказлар, Ай-Ти ва технопарклар бунёд этилиши уларнинг ўз бизнеслари билан шуғулланишига хизмат қилмоқда.
Сизларнинг жамиятда муносиб ўрнингизни эгаллашингиз учун жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ҳам яқин кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади. Бундай эзгу мақсад йўлида уларнинг эшиклари доимо сизлар учун очиқдир.
Ишончим комилки, сизлар яратилган ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, келгусида юртимиздаги замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, катта-катта фирма ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотларида меҳнат қилиб, ўз билим ва малакангиз билан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшасиз.
Бугун мактабни тугатиб чиқаётган йигит-қизларимизнинг ҳар бири эл-юртимизнинг меҳри ва эътиборида бўлишини яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман.
Сиз, азиз фарзандларимизни келажакда янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Ҳар бирингиз ҳаётда муносиб ўрнингизни топишингиз учун биз бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз.
Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта келгусида катта муваффақиятларга эришасиз.
Сизларнинг доимо маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб ҳаракат қилишингизга ишонаман. Сизлар бунга албатта қодирсиз.
Ана шундай шарафли ва масъулиятли йўлда барчангизга улкан ютуқ ва муваффақиятлар, шахсий ҳаётингизда бахт ва омад тилайман.
Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тамомлаганингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.
Мустақил ҳаётдаги қадамларингиз қутлуғ ва баракали бўлсин, азиз ўғил-қизларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти”
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter