Шарҳ: Очиқ Wi-Fi тармоғида фойдаланувчи шахсининг тасдиқланиши мажбурий бўлди
2018 йилнинг 10 июлида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги»ги буйруғи Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинганди.
Бир қатор ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур ҳужжат ҳақида АКТ вазирлиги ахборот хизмати шарҳ берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Вазирлик зиммасига очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини, хусусан очиқ Wi-Fi тармоқлари фойдаланувчиларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида жамоат жойларида интернет тармоғига симсиз бепул уланишни ташкил этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар олдига фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаш тизимини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Бугунги кунда шаҳарларимизнинг катта қисми Wi-Fi тармоқлари билан қоплаб олинган. Аксарият жамоат жойларида, савдо марказлари ҳамда биноларда интернетга Wi-Fi орқали уланиш жорий қилинган.
Бироқ очиқ интернет тармоқларидан қонунга хилоф равишда (товламачилик, коррупция) фойдаланиш, террорчилик ҳаракатларида қўллаш кўламининг ошиб бораётгани ҳамда бошқа омиллар жамоат жойларида Wi-Fi орқали интернет хизматлари кўрсатишни тартибга солишни тақозо қилмоқда.
Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги интернет хизматларини кўрсатишнинг янги тартибида очиқ интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича талаблар алоҳида бўлимда келтириб ўтилган. Унга кўра, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир фойдаланувчи очиқ интернет тармоғидан фойдаланаётганда шахсини тасдиқлаши зарур.
Очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланишда шахсни тасдиқлаш жараёни жаҳон миқёсида миллионлаб фойдаланувчилар томонидан амалга оширилади. Бу – вақт синовидан ўтган халқаро тажриба.
Буйруқ бўйича янги киритилган тартиб-қоида қуйидагича:
- Фойдаланувчилар ўз шахсларини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлашлари мумкин.
- Фойдаланувчи мобил телефони орқали шахсини тасдиқламоқчи бўлса, чекланган муддатда фаолият кўрсатувчи (10 дақиқадан кўп бўлмаган) ҳамда фойдаланувчининг телефон рақамига SMS-хабар тарзида юборилган бир марталик кириш пароли (One Time Password) дан фойдаланилади;
- Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган шахсий маълумотлари ҳамда хабарларининг махфийлигини таъминлаши шарт. Мазкур ҳолат бўйича чекловлар қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда амал қилиши мумкин;
- Wi-Fi хизматларининг сифатли кўрсатилиши юзасидан назорат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси зиммасига юклатилади. Мазкур ҳужжатни тайёрлаш жараёнида вазирлик мутахассислари ҳамда эксперт гуруҳи халқаро тажрибани яқиндан ўрганган, шунингдек ҳужжат Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини муҳокама қилиш порталида жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган.
Халқаро тажрибага кўра, Wi-Fi тармоғига имтиёзли уланиш жамиятнинг «шахси тасдиқланган» ҳамда Wi-Fi тармоғи ривожига ҳисса қўшувчи аъзоларига берилади. Мисол учун, ўз уйининг том қисмига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилишини қўллаб-қувватлаган шахсларга. Эстония, Париж, Исроил, Финляндия каби мамлакатлар қонунчилигида бундай жиҳат кўзда тутилган.
Жамоат жойларида Wi-Fi тармоғидан ўз шахсини тасдиқлаш орқали фойдаланиш амалиёти хорижда, жумладан Италия, Жанубий Корея ва бир қатор давлатларда жорий қилинган. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида, хусусан Россияда 2014 йилдаёқ ахборот-телекоммуникация тармоғи (интернет) да ахборот алмашишни тартибга солишга оид қонун қабул қилинган.
Тушуниш керакки, бугун фойдаланувчилар, жумладан сайёҳлар ва турли мамлакатлардан ташриф буюраётган меҳмонлар аэропорт, вокзал, меҳмонхона ва жамоат транспортлари, маданий-сайёҳлик объектларида мавжуд очиқ интернет тармоқларидан хавфсиз фойдаланишни истайдилар. Шу боис ҳам, юқорида номи келтирилган ҳужжатда Wi-Fi тармоғи хавфсизлигини таъминлаш ва ундан фойдаланишда шахсни тасдиқлашнинг содда усулларидан фойдаланиш белгилаб берилган.
Ўзбекистонда маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан интернет хизматларини кўрсатишда замонавий ҳамда аниқ қоидаларнинг жорий қилиниши мамлакатимиз аҳолиси ҳамда турли мамлакатлардан келаётган сайёҳларнинг очиқ Wi-Fi тармоқларидан хавфсиз фойдаланишларини таъминлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter