Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Шафқатсиз ҳақиқат шуки... » – Европа бош дипломати муҳим масалада баёнот берди

«Шафқатсиз ҳақиқат шуки... » – Европа бош дипломати муҳим масалада баёнот берди

Фото: Reuters

Дунёда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашмоқда, дейди Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель. Бу эса ҳақ-ҳуқуқлар муҳофазаси йўлида қатъий чора-тадбирларни талаб этади.

«2023 йил бошида биз сергак торттирувчи ҳолат билан юзма-юз келмоқдамиз. Шафқатсиз ҳақиқат шуки, 2022 йилда дунё инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан янада ёмонлашди. Украина, Эрон, Эфиопия, Афғонистон, Мьянма, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, зиддият ва инқирозларга гувоҳ бўлдик», – дейди ЕИ бош дипломати.

Қайд этилишича, геосиёсий рақобат авж олган қалтис шароитда айрим ҳукуматлар инсон ҳуқуқлари ва шахс эрки борасида умумэътироф этилган халқаро низомларни бузиш, бу борада ёлғон тасаввурлар уйғотишга уринмоқда. Омма шахсий ҳаётини кузатиш, ўзгача фикрларни бостиришда янги технологиялардан кенг фойдаланилмоқда.

Ж.Боррель 8 миллиарддан зиёд инсониятни бирлаштирувчи ҳужжат сифатида 75 йил аввал қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ёдга олган.

«Ушбу ҳужжатнинг оддий, аммо инқилобий ғояси шундан иборатки, ҳақ-ҳуқуқлар кимлардир томонидан тақдим этилмайди, балки ҳар бир инсон дунёга келган пайтдаёқ уларга эга бўлади», – дейди сиёсий арбоб.

Таъкидланишича, инсон ҳуқуқлари универсал ва бўлинмас қадрият ўлароқ жуғрофий, маданий истисноларни қабул қилмайди.

Афсуски, дунёдаги кўплаб халқлар ўз талаб-истакларини керакли мақом-инстанцияларга етказа олмаётир, нотенглик, тафриқа кучаймоқда. Иқлим ўзгариши, рақамли инқилоб эса бу борада янги муаммоларга доялик қилмоқда.

Ж.Боррель 2023 йил, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига чорак кам бир аср тўлган йилда инсон ҳақ-ҳуқуқлари муҳофазаси борасида глобал миқёсдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ундаган. Ҳукумат, расмий идоралар ва авлодлар ўртасидаги ишончни қайта тиклашга чорлаган. Маълум бўлишича, ЕИ 75 йиллик сана муносабати билан ташкил қиладиган инсон ҳуқуқлари бўйича анжуманда ана шу долзарб масалага аҳамият қаратилади.

Аввалроқ ЕИ олий вакили журналистларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятлар жазосиз қолаётгани ҳақида баёнот берган эди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг