Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Ўзбекистонда давлат хизматларини такомиллаштиришга 5 млн евро ажратди

ЕИ Ўзбекистонда давлат хизматларини такомиллаштиришга 5 млн евро ажратди

Ўзбекистонда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа ишга туширилди. Бу ҳақда ЕИнинг мамлакатимиздаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Умумий қиймати 4,9 млн евролик лойиҳада БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Адлия вазирлиги асосий ҳамкор ҳисобланади.

Мамлакатда, айниқса, қишлоқ жойларда ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш, рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳа 2019-2024 йилларда амалга оширилган “Қишлоқ жойларда давлат хизматларини яхшилаш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш” лойиҳасининг муваффақиятли натижаларига асосланади.

“Ушбу ташаббус давлат хизматларини инсон манфаатлари марказига қўйган ҳолда тубдан ўзгартиради. Давлат институтларини самарали ва инклюзив этиб шакллантириш орқали биз, энг аввало, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаймиз”, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним.

Адлия вазири Акбар Тошқулов таъкидича, “Бу ташаббус Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисмидир. Унинг мақсади – фуқароларга тезкор, шаффоф ва арзон хизматлар кўрсатишни таъминлашдир. Асосий принцип – ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик”.

“Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити якунларига кўра, биз ушбу янги ташаббус умумий устуворликларимиз – рақамлаштиришни ривожлантириш, бошқарув тизимини мустаҳкамлаш ва давлат хизматларининг янада қулайроқ, самаралироқ ва ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг эҳтиёжларига жавоб беришини таъминлашига ишонамиз”, – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси биринчи маслаҳатчиси ва ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма.

Лойиҳа давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимининг бэк-офисини ташкил этувчи институционал, ҳуқуқий ва меъёрий асосларини такомиллаштириш, давлат хизматларини кўрсатишда бэк-офислар салоҳиятини ошириб, уларнинг миллий, минтақавий ва маҳаллий даражада самарали фаолиятини таъминлаш, бэк-офисларнинг рақамли ва фойдаланувчига йўналтирилган трансформациясини амалга ошириш ҳамда ҳудудий ва маҳаллий бэк-офисларнинг тезкорлиги, ҳисобдорлиги ва самарали ишлашини таъминлаш учун маҳаллий бошқарув тизимини ўзгартириш каби тўртстратегик йўналишни қамрайди.

Ташкилотчиларга кўра, 2029 йил якунида лойиҳа доирасида 11 та бэк-офис муассасасининг функционал таҳлили ўтказилади, 1000 нафар давлат хизматчиси инклюзив ва фойдаланувчиларга йўналтирилган хизматлар кўрсатиш бўйича ўқитилади, камида 35 та давлат хизмати рақамли трансформация қилинади, мамлакат бўйлаб 34 та янги давлат хизматлари бурчаклари ташкил этилади.
Ушбу кенг қамровли дастур фуқароларнинг давлат хизматларидан самарали, шаффоф ва инклюзивфойдаланиш имкониятларини ошириши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг