Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сервер Жепаров ўз фарзанди Раул билан карантинда «ўтириб чиқди»

Сервер Жепаров ўз фарзанди Раул билан карантинда «ўтириб чиқди»

Фото: Сервер Жепаровнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси

Фаолияти давомида «Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси» номига лойиқ кўрилган собиқ футболчи, ҳозирги кунда Ўзбекистон U-14 терма жамоаси бош мураббийи Сервер Жепаров хориждан қайтиб келганлиги сабабли Тошкент вилояти ҳудудида карантинда сақланиб, бугун ўз уйига жавоб берилди.

Собиқ футболчимиз карантин даврини ўз фарзанди Раул билан биргаликда ўтаб чиқди. Бундан 14 кун аввал Жепаров ва унинг ўғли Россиянинг Қозон шаҳридан Ўзбекистонга қайтиб келган. Улар 2 ҳафта давомида махсус изоляцияланган контейнерларда сақланиб, бугун карантин даври тугаганлиги сабабли уларга рухсат берилди. Бу ҳақда Сервер Жепаровнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳфасида маълум қилди.

«COVID-19. 14 кун махсус жиҳозланган контейнерларда бўлдик. Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович ўз халқига ғамхўрлик қилаётгани учун ташаккур! Фикримча, контейнерлар карантинда яшаш учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминланган.

4 киши яшадик. Телевизор, кондиционер, ҳожатхона, ҳаммом (душ), иссиқ ва совуқ сув, шаҳар телефони, чойнак қайнаган суви билан, сув қайнатишга махсус чойнак, пиёла, гигиена воситалари, тиш пастаси, чўткалар, ниқоблар, қўлқоплар, совун, шампунь, тозаликни сақлаш учун челак ва латта бор. Овқат кунига 3 маҳал, котлетлар, товуқ, гуруч, гречка, перловка, макаронлар, палов, сув, салатлар, олмалар, мандаринларнинг барчаси бир марталик идишларга солинган, бу эса карантин қоидаларига риоя қилинаётганидан дарак беради. Десертга чой ва ширин печеньелар, эрталабки нонуштага эса йогурт, тухум, бўтқа (каша), сариёғ, пишлоқ, сосискалар берилди.

Бизга хизмат кўрсатган ходимлар, тест таҳлилларини олган шифокорлар, 14 кун давомида биз билан бўлиб, кундалик муаммоларимизни ҳал қилганларга чин юракдан миннатдорчилик билдирмоқчиман, бу улар томонида кўрсатилган ҳақиқий қаҳрамонликдир.

Биз буни уддалик, бу осон эмас эди. Шароитлар эса яшашимизни осонлаштирди. Давлатимиз Президенти ҳамда унинг жамоасига яна бир бор ташаккур. Энди мен ва ўғлим уй карантинида бўламиз. Келинг, барчамиз биргаликда пандемияга қарши курашайлик, карантин талабларига амал қилган ҳолда СОВИД-19 вирусини енгишимиз мумкин», деб ёзиб қолдирди Сервер Жепаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг