Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сергелидаги кучли портлаш: жароҳатланганлар бор, ФВВ, ССВ ва ИИВ қўшимча маълумот берди

Сергелидаги кучли портлаш: жароҳатланганлар бор, ФВВ, ССВ ва ИИВ қўшимча маълумот берди

Тошкентнинг Сергели туманидаги омборхонада тунда кучли портлаш рўй берди ва катта ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар бор.

Дастлабки расмий хабар

ФВВ Сергели туманида содир бўлган портлаш ҳақида дастлабки маълумотни берди

Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Шунга кўра, 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва  3 та автонарвон соат 02:48 да ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб бориб, ҳозирда  ёнғинни ўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари бўйича ҳозирча маълумот келиб тушмади.

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади ФВВ хабарида.

ССВ хабари

Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлган.

Ушбу ёнғин оқибатида жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилоят филиалига олиб келинган.

Ҳозирга қадар улар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда шифокорлар томонидан жабрланганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Даволаш муассасаларида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокорларимиз ва барча зарур дори-дармон заҳираси яратилган.  Ёнғин оқибатида воқеа жойи ва унинг атрофидаги хонадонларда жароҳатланганларга ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

ИИВ хабари

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни соат 03:00да ФВВ Тошкент шаҳар Бошқармаси навбатчилик қисмидан тушган хабарга кўра, Сергели тумани “Қипчоқ” кўчасида жойлашган “Интер Логистика” МЧЖга тегишли омборхонада чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин майдони ҳамда жабрланувчилар сони ҳақидаги маълумотларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳодиса содир бўлган жойда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда  соҳавий хизмат ходимларининг шахсий таркиби, ФВВнинг 12 та автоцистерна ва 4 та махсус жиҳозланган автомашинаси, тез-тиббий ёрдам ходимлари ишламоқда.

Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилади, дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

ФВВ қўшимча хабари

ФВВ ходимлари томонидан ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда. Вазият тўлиқ назоратга олинган.

Ёнғин соат 05:02 да қуршаб олинган. ФВВ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин майдони қисқартирилиб борилмоқда.

Воқеа жойида дастлабки дақиқалардан бошлаб ФВВ раҳбарияти ҳамда куч ва воситалари, шунингдек, тегишли ташкилотлар ходимлари иш олиб бормоқда.

Ёнғин келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида ФВВнинг махсус лабораторияси ҳодиса жойида иш олиб бормоқда. Воқеа жойида ФВВ раҳбарлигида штаб ташкил этилган.

Атрофдаги хонадонлар зарар кўрган

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда уй ва бошқа объектларга жиддий зарар етганини кўриш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг