Сенат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмларини ошириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш имкониятларини кенгайтириш, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга ер участкалари ажратилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ерлардан фойдаланиш шартларини қайта кўриб чиқиш зарурияти мавжуддир.
Ушбу ҳужжат билан Ер кодексига ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлигини, шунингдек ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги обектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари белгиланмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу Қонун ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда пиллачилик ва тутчиликни яна-да ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек ер участкаларидан ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter