Сенат навбатдаги ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисини 2022 йил 7 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши қайд этилди.
«Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда, шунингдек, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижаларини муҳокама қиладилар.
Шунингдек, ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенаторлар томонидан иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.
Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter