Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат икки қонунни маъқуллади

Сенат икки қонунни маъқуллади

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг ўттиз учинчи мажлисида сенаторлар ишни янги таҳрирдаги «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунни муҳокамасидан бошладилар.

Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.

Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган «дастлабки стандарт»ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.

Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонун ҳам сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Янги ишлаб чиқилган «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонунда кўчмас мулкнинг турлари, уларга бўлган ҳуқуқлар ҳамда чекловлар, давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлиги, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рад этиш, келиб чиқадиган низоларни судгача тартибда ҳал қилиш ва бошқа соҳага оид барча муносабатлар ҳуқуқий ечими кўрсатилган.

Қонун мавжуд муаммоларни бартараф этибгина қолмасдан, балки фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи, муҳими, тўғридан-тўғри таъсир этувчи ҳуқуқий ҳужжатдир.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат томонидан кафолатланиши кучаяди.

Муҳокамалар якунида ушбу Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг