Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фойдаланувчилар ҳуқуқларига оид қонунга қандай ўзгаришлар киритилди? Бу нима беради?

Фойдаланувчилар ҳуқуқларига оид қонунга қандай ўзгаришлар киритилди? Бу нима беради?

Интернет ривожланаётгани сайин унда янгидан янги муносабатлар пайдо бўлаётганини кузатмоқдамиз. Албатта, бу янги имкониятлар, енгилликлар тақдим этиши билан эътиборга лойиқ. Аммо, бу жараён, ўз навбатида, давлат олдига жамиятда ахборот хавфсизлигини кучайтириш билан боғлиқ вазифаларни ҳам долзарблаштирмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасида рақамли технологиялар ривожланиши билан фуқароларнинг онлайн платформадаги ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим қонунчилик ташаббуслари амалга оширилаётганлигини олқишлаш керак.

“Онлайн платформалар ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси онлайн медиа маконда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Рақамли мулоқот ривожи халқ тилида ҳам янги атамаларни, янги тушунча ва янги субъектлар пайдо бўлишини юзага келтиради. Аммо норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаганлиги қонунбузилиши ҳолатларига замин яратишини ҳам унутмаслик керак. Қонун тўғрисида фикр юритишдан аввал, унда келтирилган асосий тушунчалар моҳиятини англаб олиш фойдали.

Қонун лойиҳасида “Онлайн-платформа” тушунчасига атрофлича тушунтириш берилган. Қисқача айтганда, “онлайн-платформа” – фойдаланувчилар томонидан контентни қабул қилиш, ишлаб чиқариш, жойлаштириш ва тарқатиш учун мўлжалланган ҳамда Интернет тармоғида ишлайдиган ахборот тизими ёки тезкор хабарлар алмашиш сервиси ҳисобланади.

Онлайн-платформа тизимида “онлайн-платформанинг мулкдори” муҳим ўрин тутиб, бу платформага нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳисобланади. Мулкдор сифатида у ўз платформасининг фаолияти ва хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида “онлайн-платформанинг фойдаланувчиси” тушунчаси ҳам киритилган - бу платформада ўзи ҳақидаги маълумотларни рўйхатдан ўтказган ва идентификациядан ўтган жисмоний ёки юридик шахсдир. Фойдаланувчи платформада контент яратиш ва уни бошқариш имкониятига эга бўлади.

Қонунда “контент” тушунчаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу онлайн-платформа фойдаланувчиси ёки веб-сайт эгаси томонидан жойлаштирилган, ишлаб чиқарилган ва тарқатилган турли кўринишдаги маълумотлар ҳисобланади. Контент ўз ичига матнлар, тасвирлар, аудио ва видео материалларни олади. Контентнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш орқали, қонун унинг тарқатилиши ва истеъмол қилиниши жараёнларини тартибга солишга ҳаракат қилади.

Контентни бошқарувида “оммавий ҳамжамиятнинг модератори” тушунчаси ҳам киритилмоқда. Бу онлайн-платформа мулкдори ёки фойдаланувчиси бўлиб, оммавий ҳамжамиятда жойлаштириладиган контентни жойлаш, ўчириш ёки таҳрирлаш ҳуқуқига эга шахс. Модераторлар контентнинг сифати ва қонуний меъёрларга мослигини таъминлаши назарда тутилмоқда.

Қонунда “инфлюенcер” тушунчаси алоҳида ажратиб кўрсатилган. Бу онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда йигирма мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер ҳисобланади. Инфлюенcерларни алоҳида тоифага ажратиш уларнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги таъсирини тан олиш ва шу билан бирга, уларга маълум масъулият юклашга қаратилган. Инфлюенcерлар учун махсус ҳуқуқий талаблар белгиланиши кутилмоқда, чунки улар кўп сонли аудиторияга таъсир кўрсата олиши барчага маълум.

Қонунда хавфсизлик таҳдидларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, мамлакатимиз қонунчилигида “Спам ресурс” атамасига таъриф берилмоқда. “Спам ресурс” – олувчининг розилигисиз реклама, алдов йўли билан молиявий операцияларга мажбур қиладиган ҳаволалар, зарарли дастурлар ёки бошқа номақбул материалларни тарқатувчи ахборот ресурсидир. Спам ресурсларга қарши курашиш фойдаланувчиларнинг нохуш контентдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

Сўнгги пайтларда онлайн платформаларда кенг тарқалаётган ҳаракатларга ҳам таъриф берилган. Жумладан, лойиҳада “Фишинг ресурси” тушунчаси ҳам киритилган бўлиб, – бу расмий веб-сайт, илова ёки платформалар шаклини такрорлаш орқали фойдаланувчиларни чалғитадиган ва уларнинг шахсий маълумотлари, тўлов реквизитлари ва бошқа маълумотларини ноқонуний олиш учун яратилган ресурсдир.

“Онлайн платформалар ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Интернет тармоғида фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган. Мазкур қонун орқали фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимояси, спам ва фишингдан ҳимояланиш ҳамда инсофли мазмундаги ахборотни олиш ҳуқуқларининг амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу қонун фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим қадам бўлади.

Қонун лойиҳаси онлайн-платформаларга нисбатан ҳам маълум талабларни белгилайди. Ушбу талаблар платформа мулкдорларининг ўз фойдаланувчилари олдида масъулиятини оширишга, контентни модерация қилиш жараёнини тартибга солишга ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларида ҳимоя механизмларини таъминлашга қаратилган. Бу эса онлайн фазода тартибни сақлаш ва фойдаланувчилар ҳуқуқларининг самарали ҳимоясига имкон яратади.

Қонун рақамли платформалар ўртасида адолатли рақобатни ҳам тартибга солади. Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ равишда, рақамли платформа операторининг устун мавқеини аниқлаш ва эътироф этиш механизмларини белгилаш орқали рақамли бозорда рақобатни сақлаш имконини беради. Бу эса фойдаланувчиларга кўпроқ хизмат ва контент танлаш имкониятини яратади.

 “Онлайн платформалар ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда рақамли технологиялар соҳасидаги ҳуқуқий тартибга солишнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Таклиф этилаётган янги тушунчалар замонавий технологик воқелик ва тенденцияларни акс эттиради. Бу қонун орқали фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли фазода адолатли муносабатларни шакллантириш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида киритилаётган тушунчалар рақамли платформалар тизимида операторлар ва фойдаланувчиларнинг роли ва жавобгарлигини аниқ белгилаб беради. Бу эса, ўз навбатида, рақамли муҳитда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун ҳуқуқий асос яратади. Хусусан, спам ва фишинг каби таҳдидларга қарши курашиш, инфлюенсерларнинг жавобгарлигини белгилаш, шунингдек, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимоясини таъминлаш механизмлари шакллантирилади.

Қонун лойиҳасининг бугунги кунда жорий этилиши келгуси йилларда рақамли соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Келажакда чет эл тажрибасини ўрганиш ва ички тажрибаларни умумлаштириш орқали қонунчиликни янада такомиллаштириш мумкин бўлади. Бунда фойдаланувчилар ва платформа эгаларининг манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва шу билан бирга хавфсизликни таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Энг муҳими эса, қонун лойиҳаси қабул қилингач, унинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобланади. Зеро, қонун ижроси билангина чинакам аҳамият касб этади. Бу масалада давлат масъул ташкилотлари билан бир қаторда жамоатчилик ҳам ўз фаоллигини кўрсатиши мақсадга мувофиқ.

 

Улуғбек Курбанбаев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг