Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайловларимиз тарихида кўрилмаган сиёсий жараён ҳақида

Сайловларимиз тарихида кўрилмаган сиёсий жараён ҳақида

Фото: Xabar.uz

Куни кеча қатор телерадиоканалларда Президент сайлов кампанияси доирасидаги илк телевизион дебат намойиш этилди. Мазкур дебатни мен ҳам сайловчи сифатида «Ўзбекистон» телеканали орқали томоша қилдим.

Албатта, Президент сайловларида илк маротаба ташкил этилган теледебатда турли техник ёки бошқа камчиликлар  бўлиши мумкин. Бу муҳим эмас, муҳими биз очиқлик, ошкоралик, шаффофлик учун қадам ташлаганимиз. Бугунги кунда қатор давлатларда теледебатлар сайлов жараёнларининг ажралмас қисми бўлиб улгурган. АҚШларида илк теледебатлар 1960 йилда, Россия Федерациясида 1995 йилда ташкил қилинганлиги маълум.

Теледебатда мени жалб қилган жиҳатлардан бири унинг тузилиши жиҳатидан тизимли ташкил этилганлигидир. Дебат 3 қисмдан иборат ҳолда ташкил этилди.

Биринчидан, спикерлар номзодларининг сайловолди дастурлари билан  таништириб, унда илгари сурилган ташаббус, ғоя, таклифлар ёритиб берилди.

Иккинчидан, халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан шакллантирилган саволларга спикерлар томонидан жавоб берилди. 

Учинчидан, спикерлар сайловчиларга ўзларининг мурожаатларини йўллади.

Умуман, теледебат тизимли ҳолда белгиланган регламентга асосланиб тартибли ташкил этилганлини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Теледебат жараёнида Ўзбекистон Экологик партияси номзодининг вакили Мустофокулов Шерзод Эгамбердиевич «Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг лидери бу йилги Президент сайловларида илк маротаба иштирок этмоқда. Партия лидери ушбу сиёсий майдонда катта қадамлар, шаҳдам одимлар ва ўзига ишонч билан кириб келмоқда. Экологик партия «яшил иқтисодиёт» ва «яшил тараққиётни» жадаллаштириш тарафдори. Мамлакатимиз ва минтақадаги экологик вазиятнинг бузилиши нафақат мамлакатимиз балки глобал миқёсда ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Буни Орол фожиаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, минтақамизда бир йилда ўртача 2 млн 200 минг тонна заҳарли газлар атмосферага тарқалади. «Яшил молиялаштириш», тармоқ ва ҳудудларни яшил иқтисодиётга ўтиш индекси тарғиб қилинаётганлиги» – каби масалаларни ёритиб ўтди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодининг вакили Абдуллаева Шарбат Зулфиқоровна  «мазкур партия мустақиллигимизнинг илк йилларида ташкил топган партия бўлсада, Президент сайловларида илк маротаба аёл номзод билан иштирок этмоқда. 2030 йилга бориб аҳолининг энг камбағал қатламларини камбағалликдан чиқариш, иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчанлик ролини ошириш, шунингдек, ривожланган молиявий механизмларни қўллаган ҳолда аҳолини табақаланиш жараёнларини қўлга олиш лозим деган фикрдамиз. Шунингдек, ёлланма ишчилар ва тадбиркорлар билан бўладиган иқтисодий муносабатларда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш лозим. Давлатнинг халқ олдида кафолатли бўлишини таъминлаши зарур» – эканлигини таъкидлади.

Мунозара жараёнида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодининг вакили Икрамов Адҳам Илхамович  «Шавкат Миромонович билан 11 йил ҳамкорликда ишлаган пайтларда уларнинг юқори даражада раҳбарлик, талабчанлик, шу билан бирга юксак ғамхўрлик ва инсонийлик фазилатларидан лол қолар эдим. Президентимиз биринчи кундан бошлаб халқ билан тадбиркорлар билан очиқ диалогни йўлга қўйди. Эркин фикрлаш ва эркин муҳит пайдо бўлди» – дея тўхталиб ўтди. Шунингдек, у «Келгуси 5 йилда яна 30 млрд. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётганлиги, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси жой олганлигини ҳам маълум қилди. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилади ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киришимизга асло шубҳам йўқ» – дея таъкидлади.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси номзодининг вакили Тўлабоев Азамжон Қурбонович сўзга чиқар экан «Миллий қадриятлар, анъаналар ва тарихимиздан келиб чиқиб ўзимизга хос ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлини таклиф этмоқда. Сайловолди дастурида тўртта муҳим иқтисодий ислоҳотлар илгари сурилмоқда. Биринчидан, иқтисодиётда давлат улиши ва аралашувини қисқартириш мақсадида 5 йиллик дастур қабул қилинади. Иккинчидан, 2026 йилгача солиқ ва капитал амнистияси жорий этиш таклиф қилинади. Учинчидан, коммунал соҳани давлат тасарруфидан чиқариш. Тўртинчидан, барча имтиёз ва преферциялар қонун билан қабул қилиниши тарафдоримиз» – дея фикр билдирди.

Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси номзодининг вакили  Зияев Фазлиддин Темирович   «Коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона орган бўлади. Ички ишлар, прокуратура органлари ва давлат хавфсизлик хизмати идораларида мавжуд бўлган коррупцияга қарши курашувчи, бир-бирини такрорловчи тизимларни тугатамиз. «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш ташаббускори бўламиз» – дея тўхталиб ўтди.

Сайлов жараёнининг ажралмас қисми бўлган теледебатлар сиёсий фанлар, тарих, социология, журналистика каби ихтисосликларнинг тадқиқот объекти ҳам саналади. Хориж давлатларида мазкур мавзуга оид тезислар, илмий мақолалар, адабиётлар ёзилган ҳамда диссертациялар ҳимоя қилинган. Куни кеча тамал тоши қўйилган Президентлик сайловларидаги илк теледебат келажакда мамлакатимиздаги қатор фанларнинг айниқса, сиёсий фанларнинг тадқиқот объекти бўлишига ишончим комил.

Умуман олганда, бу йилги Президентлик сайловлари ҳар қачонгидан ҳам жонли бўлаётганлигини теледебат форматида фикрлар, ғоялар, қарашларнинг конструктив баҳси ташкил этилганлигида ҳам кўриш мумкин. Бўлиб ўтган дебат орқали аҳолининг кенг қамровли аудиториясига сайловолди дастуридан ўрин олган масалалар билан танишиш имконияти бўлди. Мухтасар айтганда, теледебат бу йилги сайловларга ўзгача руҳ берганлиги билан бирга, сўнгги йилларда амалга оширилган эркинлик, шаффофликнинг меваси десак муболаға бўлмайди.

Анваржон Миркомилов,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг