Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саратонни енгаётган болалар...

Саратонни енгаётган болалар...

Болалар ва саратон. Бу сўзларни ёнма-ён қўйиш, оғир касалликдан қийналаётган болажонларнинг аҳволини тасаввур қилишнинг ўзи оғриқли. Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказининг Болалар бўлимида жажжи беморлар айни шу дард билан курашади.

Бу муассасада бугун қандай амалиётлар ўтказилмоқда? Касалликдан азият чекаётган беморлар ўз дардига қандай даво топяпти? ССВ матбуот хизмати шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида ушбу марказнинг Болалар бўлимидан репортаж тақдим этди.

Бўлим фойесида кичик ёшли бир бола ҳамширанинг изидан югуриб боради. Уни шифохонага олиб келишганида думғаза соҳасида 15 сантиметрлик ўсимта бўлган. 3,5 ёшли Қаҳрамонжон тегишли кимёвий муолажаларни олганидан сўнг, июль ойида операция столига ётқизилди. Муваффақиятли амалиётдан сўнг кимётерапия муолажаларини ола бошлади. Натижада, организмдаги ўсимтадан асар ҳам қолмади.

 — Бир куни боламни ювинтириб турганимда думғаза соҳасидаги нотабиий шишни сезиб қолдим, — дейди жажжи Қаҳрамоннинг онаси Насиба Ғаффорова. — Аввал ўзимиз яшайдиган Шўрчи тумани тиббиёт бирлашмасида текширтирдик. Кейинчалик Деновда, сўнг Термизда тиббий кўрикдан ўтдик. Шу йилнинг февраль ойида Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказига мурожаат қилдик. Бу вақтга келиб болам Қаҳрамонжоннинг қовуқ соҳаси бутунлай беркилиб қолган эди. Ҳозир эса, кўриб турганингиздек, у залда чопқиллаб юрибди. Шифокор ва ҳамширалар билан ўйнайди, уларга фикрини равон тушунтириб беради. Касалликдан соғайиб боргани сари унинг фикрлаши аввалгидан ҳам тезроқ ривожланаётгандек.

Болалардаги касалликларни даволаш доим нозик масала бўлиб келган. Чунки танадаги дардни даволаш билан бирга, уларнинг руҳига шикаст етказмаслик ҳам зарур бўлади. Шунинг учун болалар билан ишлайдиган шифокорлардан жиддий масъулият талаб этилади. Шу жумладан, онкология йўналишида ҳам. Уларнинг ўзида соғайиб кетишга ишонч бўлса, уни даволаш янада осон кечади.

11 ёшли Шукрулло июль ойида суяк астэосаркомаси ташхиси билан муассасага олиб келинган эди. Дастлаб Фарғона вилоятида текширув натижалари билан танишган шифокорлар уни ҳаётда сақлаб қолишнинг иложи йўқ деб, онаси Умида Холиқовани огоҳлантиришади. Бироқ Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказининг Болалар бўлими мутахассислари Шукруллонг ҳолатини ўрганиб, шифо топишига умид беришади.

—  Боламнинг оёқларида оқсаш кузатилганда, унча эътибор бермаган эдик. Кейинчалик умуман қадам боса олмай қолди, — дейди Умида опа. — Туман тиббиёт бирлашмасида текширтирганимизда, рентген натижаларида суякда ўсимта борлиги тахмин қилинди. Бу ерга келганимизда, касаллик тасдиқланди. 40 кунлар аввал жарроҳлик амалиёти ўтказилди, ҳозир фарзандим қўлтиқтаёқда бўлса ҳам мустақил ҳаракатлана бошлади. Бунга қадар бошқа бировнинг ёрдамисиз умуман оёқда тура олмасди.

Боламнинг операцияга киришдан олдинги ҳолати ёдимда турибди. Уни амалиёт хонасига олиб кетгани келишганда, ҳамхона ўртоғи билан шахмат ўйнаб турган эди. Шифокорлар ўйин тугашини кутиб турдилар. Шукрулло рақибига «шоҳ» бериб, ўйинни якунлади. Ўртоғининг қўлини дўстона сиқиб қўйди. Бу ҳолатни кўзимда ёш билан кузатиб тургандим. «Аяжон, мен тузалиб кетаман, йиғламанг», деб менга далда берди. Ҳақиқатан ҳам, операция муваффақиятли ўтди.

Юқорида болаларни даволашда бежиз уларнинг руҳияти билан ҳам ҳисоблашиш кераклиги ҳақида сўз юритмадик. Шукруллодаги соғайиб кетишга бўлган ишонч ҳам унинг ҳолати яхшиланишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказининг Болалар бўлими бошлиғи Тожиддин Мустафоев кичик беморларни даволашда айни шу жиҳатларни инобатга олишга ҳаракат қилади.

— Болалардаги ўсма касалликлари орттирилган ва туғма бўлиши мумкин, — дейди Тожиддин Мустафоев. — Масалан, муассасамиз мутахассислари билан биргаликда операция қилган беморимиз — 2,5 ёшли Дурбекда буйрак хавфли ўсмаси дунёга келмасидан аввал ривожлана бошлаган. Ҳозир қорин соҳасидаги ўсимта жарроҳлик йўли билан олиб ташланди ва эндиликда унда кимётерапия даво муолажалари олиб борилмоқда.

11 ёшли Шукруллога эса суяк саркомаси ташхиси қўйилган эди. Ушбу касаллик болаларда 6-8 фоиз ҳолатда учрайди. Бу каби хасталикларни даволашда юқори технологик амалиётлар, яъни йирик бўғинларни эндорпотезлаш усулидан фойдаланамиз.

 Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт марказининг Болалар бўлимида бир йилда ўртача 100 нафарга яқин болада суяк кўчириб ўтказиш ва бошқа турдаги аъзо сақловчи амалиётлар ўтказилади.

Бугун болалар онкологияси тиббиётнинг алоҳида йўналиши сифатида ривожланиши учун қонуний асослар ва моддий-техник база шаклланиб бормоқда. Келгусида тиббиётнинг бу йўналишида янада юқори натижаларга эришиш имконияти бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг