Самарқандда Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари бўлиб ўтди

Бугун, 24 апрел куни «Silk Road Samarkand» мажмуасининг Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар.
Учрашув аввалида Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Барча даражаларда самарали мулоқот олиб борилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, маданият кунлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Пойтахтларда савдо уйлари очилиб, юк ташиш ҳажми ошмоқда. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация ривожланмоқда. Биргаликда «Шовот-Тошовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда.
Фаол ҳудудлараро мулоқотлар йўлга қўйилган, маданий-гуманитар алмашинув бўйича катта дастурлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шерикликка доир масалалар, шу жумладан «Марказий Осиё плюс» форматидаги бўлажак саммитлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашдилар.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида жорий йил декабр ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон президенти Туркман халқининг миллий етакчисига унинг қаламига мансуб «Тафаккур гавҳари» китобининг ўзбек тилидаги нусхасини топширди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter