Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда хотинини калтаклаган эрга нисбатан жиноий иш очилди

Самарқандда хотинини калтаклаган эрга нисбатан жиноий иш очилди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Жорий йилнинг 22 август куни ижтимоий тармоқларда «Бир аёлни калтаклашар экан. Етим. уйида чўри бу келин. Яқинда кўлини уриб синдирибди эри. Ҳаммадан қолган овқатни еб, хўрланиб ўтирибди. Уйдан чиқаришмас экан. ИИВ, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бу аёлни топиб ёрдам беришингизни сўраймиз» номли видео тарқалди. Самарқанд вилояти ИИБ ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тасвирдаги воқеа иштирокчиларининг шахси аниқланди.

Жабрланувчи аёл Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. эканлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, М. турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан  қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Ўрталаридаги оилавий келишмовчиликлари сабабли М., Ш. томонидан калтакланиб, қийноққа солиниб келинган.

2020 йилнинг 20 август куни М. нинг турмуш ўртоғи Ш. сабабсиз, турли баҳоналар билан яшаётган уйида уни аёвсиз уриб, оёқлари билан турли жойларига тепиб, тан жароҳати етказган.

Ҳозирда М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан ҳимояга олиниб, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан «Ҳимоя ордери» берилиб, малакали психологларни жалб қилган ҳолда фарзандлари ва ўзига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Аёлни калтаклаган Ш. га нисбатан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг