Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди. Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида айтилган.

Кенгаш аъзолари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган йиғилишда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ва бу борадаги қонунчилик ижросини ўрганиш якунлари таҳлил этилди.

Қайд этилишича, 2026 йил якунига қадар мамлакатда, шу жумладан, Самарқанд вилоятида камбағалликни икки баробарга камайтириш режалаштирилиб, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида фаол сиёсат олиб борилмоқда.  Тегишли дастурлар доирасида бандлик органлари ва ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан вилоятдаги банк муассасалари томонидан 2023 - 2024 йиллар ва жорий йилнинг 4 ойида 98 минг фуқарога 1 триллион 803 миллиард сўм кредитлар ажратилган, 12,1 минг нафар юртдошимизга 63 миллиард сўмлик субсидиялар берилган ва 207 минг нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган.

Бироқ соҳада манфаатлар тўқнашувига оид ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида 3300 дан ортиқ ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилиши аниқланган ва бунинг натижасида 80 дан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноят ишлари қўзғатилди (19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди). 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилинган.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманлари ҳисобига тўғри келсада, маҳаллий ҳокимлик идоралари ёки бандлик органлари томонидан хизмат текширувлари ўтказилмаган.

Бандлик органларининг “Ягона миллий меҳнат тизими” электрон платформаси орқали амалда иш билан банд бўлган ёки ўзини-ўзи банд қилган 155 нафар фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бароваригача миқдорда субсидиялар берилган. Бундай ҳолатларга асосан Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё, Булунғур Самарқанд ва Пайариқ туманларида йўл қўйилган.  

2023 - 2024 йилларда бюджет маблағлари ҳисобидан таъминотчи корхоналардан сотиб олинган 63 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар жойларга олиб борилиб, ҳоким ёрдамчилари иштирокида ишсиз фуқароларга топширилган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Аммо ижтимоий реестрдаги фуқароларга ёрдам тариқасида субсидиялар бериш йўналишида ҳам суиистеъмолликка йўл қўйилаётганлиги кузатилмоқда.  

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунда давлат муассасалари  ходимларига  манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ, айниқса, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда чекловлар ўрнатилган. Аммо бандлик органларининг 12 нафар ходими ва 25 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик субъекти ташкил қилиб, бошқариб келган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг