Самарқанд шаҳрида аномал совуқда ҳам ўқиш давом этаётгани ростми?
Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг телеграм каналида «Самарқанд вилоятида таътил узайтириладими?» сарлавҳали хабар берилди.
Унда ёзилишича:
«Самарқанд вилоятидаги 588 та умумтаълим мактабларида дарслар жорий йилнинг 11 январь санасидан анъанавий шаклда давом этмоқда.
Вилоятдаги 674 та мактабда дарслар 18 январь санасидан бошланади. Аномал совуқ сабаб қолдирилган дарс соатлари йил давомида тиғизлаштирилиб ўтилади».
Бухоро, Андижон, Хоразм, Тошкент, Сурхондарё ва бошқа қатор вилоятларда таътил муддати яна бир ҳафта ортга сурилаётган вақтда Самарқанд шаҳридаги мактабларда гўё ўқишлар давом этаяпти. Савол пайдо бўлади: Самақрандда 600 га яқин мактабда иссиқлик билан таъминлаш жойидами? Ёки бу қадимий маконнинг иқлими қўшни вилоятлардан фарқ қиладими? Унда нега, интернетда об-ҳаво маълумотларида -20 гача бўлган рақамлар кўрсатилди?
Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги мактабларда 3-чорак ўқишлари 5 январдаёқ бошланган. 6 январда ҳам болалар мактабга келиши талаб қилинган (бу сентябрь бошида Самарқандда ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити вақтида қолдирилган дарслар ўрнини қоплаш мақсадидаги амал). Шундан кейин 7 январдан бошлаб аномал совуқ борасидаги республика бўйича тарқалган талаблар қаторида бу мактабларда ҳам ўқиш тўхтатилган. Аммо, тез айтишу, мақол-маталларга сабаб бўлган ўқишнинг бошланиши-бошланмаслиги атрофидаги баҳс-мунозаралардан сўнг ҳам Самарқанд шаҳар мактабларида 11 январь куни ўқиш деб эълон қилинди (зеро, танлов маҳаллий ҳокимликларга қолдирилди).
Шу куни ижтимоий тармоқларда 51-умумтаълим мактабининг 9-«В» синф ўқувчисининг «Одамлар, қаердасиз?» деган видеолавҳаси тарқалди. У мактабда синфдошлари йўқлигини айтган. Кечга яқин эса, юқорида тилга олинган расмий каналда шу боланинг синфдошлари бошқа ўқув биносида дарсда бўлганию, у бундан бехабар қолганини айтган иккинчи видеолавҳаси эълон қилинган. Видео остидаги матнда 51-умумтаълим мактабининг 9 -«В» синфида жами 28 нафар ўқувчи таълим олиши ва шу куни уларнинг 13 нафари дарсларда иштирок этгани ёзилган. Илк видеолавҳадан сўнг унинг синфдошлари чақиртириб олинган деган иддаолар асосли бўлмаганда ҳам, синфда эллик фоиздан ортиқ ўқувчининг бўлмаганининг ўзи аномал совуқдаги таълим даражасини кўрсатади.
Лекин, Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарс берадиган ўқитувчиларнинг айтишича, 11 январь кунида ҳар бир синфда кўпи билан 2 ёки 3 нафардан бола келган. Уларнинг ота- оналари синфхоналарга кириб, аҳволни кўргач, болаларини олиб кетган ҳоллар айтилади. Қатор ота-оналар фарзандларини 5 январда ҳам, 11 январда ҳам мактабга жўнатишмаганини билдиришди.
Ўқитувчилар эса шу кунлари учун маош ёзилмай қолмаслиги учун мактабга бориб, 2-3 соат ўқитувчилар хонасида ёзув-чизув ишлари билан банд бўлмоқда. Мактабларда жараён «анъанавий шаклда давом этмоқда» деган кунларда бирор бир ўқувчи мактабга келмаганини кузатув камералари ҳам тасдиқлайди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси расмий каналининг сўнгги ҳаволаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълимни вақтинча онлайн тизимга ўтказиш масалани кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабар бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter