Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саакашвили Грузияга қайтганини эълон қилди. Ичкарида унга ҳибсни ваъда қилишганди

Саакашвили Грузияга қайтганини эълон қилди. Ичкарида унга ҳибсни ваъда қилишганди

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ватанига қайтганини маълум қилди.

«Хайрли тонг, Грузия. Мен саккиз йил ўтиб ватанга қайтдим», — деб ёзган у ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Сиёсатчи Батумига келганини айтган ва бу ҳақдаги видеони Facebook саҳифасига жойлаштирган.

«Мана менинг Батумим. Бу ерда вайрон қилинган Батуми-Америка технология университети бўлиши керак эди. Бугун бизда вакцина ишлаб чиқарилган бўларди, шунингдек, коронавирус ҳам шунча одамни ўлдирмасди. Мен бу жойларни жуда соғиндим. Бугун менинг орзуим ушалди», — деган у.

Шу билан бирга, Грузия Ички ишлар вазирлиги ТАСС мухбирига Саакашвилининг давлат чегарасини кесиб ўтмаганини айтган. Мамлакат кучишлатар доиралари собиқ президент кўриниш бергандаёқ қўлга олинишига ваъда беришган. 

Ҳукмрон «Грузия орзуси — демократик Грузия» партияси раиси Иракли Кобахидзе ҳам Саакашвилининг республикада йўқлигини маълум қилган. «Саакашвили Батумида эмас. Михаил Саакашвилининг видеоси Грузияда суратга олинмаган».

У, шунингдек, собиқ президентни масхарабоз деб атаган ва унинг Грузияга ҳақиқатан ҳам келишини хоҳлашини билдирган.

Бу орада Саакашвилининг Киевдаги идораси ходими Мария Барабаш Грузиянинг «Mtavari Arkhi» телеканалига берган интервюсида сиёсатчининг Грузияда бўлганлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган ҳам, рад ҳам этмаган. Шу билан бирга, у Саакашвили бир кун олдин Киевни тарк этганини айтган.

«Уч кун олдин, у Саакашвили ўз жамоасини йиғди ва бизга Грузияга кетишини айтди, мамлакатда муҳим референдум юз бераётгани, унинг иштироки муҳим эканлигини маълум қилди» — деган Барабаш.

Саакашвили 2 октябр куни кечқурун Тбилисига — маҳаллий сайловларга самолёт чиптасини сотиб олганини айтган. Кейинчалик ижтимоий тармоқда унинг онаси Гиули Аласания билан уйига қайтиши учун брон қилинган авиачиптасининг фотосуратлари пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Саакашвили ҳокимият тепасига 2004 йилдаги инқилоб сабаб келган. Кейинчалик у 2008 йилда ҳам президентликка сайланди. Унинг даврида Жанубий Осетияда можаролар кескинлашди. Сиёсий вазиятнинг кескинлашуви фонида Саакашвили 2013 йил Грузиядан чиқиб кетди ва Украинадан қўним топди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг