Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россиялик мухолифатчи 25 йилга қамалди

Россиялик мухолифатчи 25 йилга қамалди

Владимир Кара-Мурза

Москва шаҳар суди мухолифатчи Владимир Кара-Мурзани (хорижий агент деб топилган) давлатга хиёнат қилиш ва армия ҳақида фейк тарқатганликда айблаб, 25 йил муддатга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилди.

Шунингдек, суд уни 400 минг рубль миқдарида жаримага тортди ва озодликка чиққанидан кейин етти йил журналистик фаолият билан шуғулланишини тақиқлади.

Иш «махфий материаллар мавжудлиги» важи билан ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Ҳимоячи раислик қилувчи судья Сергей Подопригоровни лавозимидан четлаштиришни талаб қилган, бироқ талаб инобатга олинмаган.

Владимир Кара-Мурза — тележурналист, режиссёр ва публицист. Борис Немцов жамғармасининг собиқ раиси. 2015—2016 йилларда «Халқ эркинлиги» партияси раҳбарининг ўринбосари, 2019 йил сентябрдан 2022 йил февралгача «Эхо Москва» ва «Озодлик» радиоси дастурларини олиб борган. У «Бирдамлик» демократик ҳаракати ва Россия мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси эди.

Ўтган йилнинг апрель ойида хавфсизлик кучлари Владимир Кара-Мурзани полициячига бўйсунмагани учун ҳибсга олган эди. Дастлаб унга 15 суткалик қамоқ жазоси тайинланади. Бироқ дарҳол мухолифатчига нисбатан бошқа модда бўйича иш очилади. Бунга Кара-Мурзанинг 2022 йил 15 март куни АҚШда Аризона штати Вакиллар палатаси аъзолари олдидаги нутқи сабаб бўлган.

Шу куни Москванинг Басманний туман суди Кара-Мурзани ҳибсга олди. 2022 йилнинг ёзида унга нисбатан бошқа айбловлар ҳам эълон қилинади.

Мухолифатчи ўз айбини тан олмайди ва жиноий таъқибни сиёсий мотив деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Кара-Мурза 2015 ҳамда 2017 йилларда заҳарланиш аломатлари билан шифохонада даволаниб чиққан. Текширув натижаларига қараганда, Навальнийнинг ортидан соядек эргашиб юрган шахслар Кара-Мурза заҳарланган кезларда ҳам унга ҳамроҳлик қилганлар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг