Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россиядаги теракт айбланувчиларини қандай жазо кутмоқда?

Россиядаги теракт айбланувчиларини қандай жазо кутмоқда?

Басманний суди «Крокус Сити Холл»даги терактда гумонланувчиларни ҳибсга олди. Суд уларнинг барчасини икки ой муддатга қамоққа олишга ҳукм қилди. Қайд этилишича, уларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

Москванинг Басманний округ суди «Крокус Сити Холл»даги теракт ишига алоқадор шахслар — Мирзоев Далержон Баротович, Саидакрами Муродали Ражабализода, Шамсидин Фаридун ҳамда Муҳаммадсобир Файзовни ҳибсга олди.

Қўлга олинганларга терроризмда айблов қўйилган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси). Жиноят кодексининг ушбу моддаси бўйича энг юқори жазо умрбод озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, 22 март, жума куни кечқурун, тахминан соат 20:00 да, қуролланган тўрт нафар камуфляжли шахс «Крокус»га ташриф буюрувчиларга қарата ўт очди. Ҳужум иштирокчилари «Пикник» гуруҳи чиқиш қилишга тайёрланаётган концерт залига ўт қўйди. Ҳужумдан 20 дақиқа ўтиб, улар оқ рангли «Рено» автомобилида ҳодиса жойидан қочиб кетишган.

Бинода тахминан 13 минг квадрат метр майдонда ёнғин содир бўлган. Бу томнинг қулашига ва концерт залининг тўлиқ ёниб кетишига олиб келди. Ёнғин 23 март, шанба куни кечқурун ўчирилди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 144 нафарга етган, улардан уч нафари болалар.

Терактдан бир кун ўтиб 11 нафар гумонланувчи қўлга олинди, шу жумладан, ҳужумнинг тўрт нафар иштирокчиси – Брянск вилоятида ушланган. Россия президенти Владимир Путин террорчилар «Украина томон ҳаракатланаётганини, дастлабки маълумотларга кўра, улар учун Украина томонида давлат чегарасини кесиб ўтиш учун ойна тайёрланганини» айтди. Киев воқеага алоқадорлигини рад этди.

24 март куни бутун Россия бўйлаб мотам эълон қилинди, маданий ва спорт тадбирлари бекор қилинди.

Россиянинг 2008-2012 йиллардаги президенти Димитрий Медведев Крокусдаги теракт иштирокчиларини ўлдириш тарафдори эканини айтди.

Путиннинг матбуот котиби Песков эса журналистларнинг терактда айбланаётганларнинг жароҳатлари ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг