Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия ядро қуроли қўлласа, АҚШ қандай йўл тутади? Генерал Петреус жавоб берди

Россия ядро қуроли қўлласа, АҚШ қандай йўл тутади? Генерал Петреус жавоб берди

Фото: ABC

Россия президенти Владимир Путиннинг ядро қуролини қўллаш борасида таҳдидини жиддий қабул қилиш керак. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ директори, генерал Дэвид Петреус ABC телеканалига интервьюсида маълум қилди.

Генерал президент Владимир Путин ядро қуролини ишга солгудек бўлса, АҚШ ва НАТОнинг жавоби қандай бўлишини тушунтирган.

«Фараз қилишингиз учун айтай: (агар Россия ядро қуролини қўллагудек бўлса) биз НАТО бўйича жамоавий жавоб қайтарамиз. Шу тариқа Украина жанг майдонидаги, Қримдаги, Қора денгиздаги кемалар – Россиянинг барча кучлари йўқ қилинади», – дейди Петреус.

Айни чоқда, у АҚШ ва НАТО ядро ихтилофига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқишига умид билдирди.

Генералга кўра, Путин Украинада ядро қуролини қўллаган тақдирда ҳам жанг натижаси ўзгармайди, чунки ҳозирги вазият Россия қўшини мағлубиятга учраши муқаррарлигини кўрсатмоқда. Таъкидланишича, сўнгги 7 ойда Украина ўз армиясини Россияга қараганда кучли ва интизомли даражага келтира олди.

Сўнгги вақтларда Россиянинг ядро қуролини ишга солиш эҳтимоли жиддий муҳокама ва мунозараларни туғдирмоқда.

Аввалроқ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс президент Владимир Путин Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий ҳаракатлар ортидан ядро қуролини ишга солиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Эслатиб ўтамиз, В.Путин сўнгги бор сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг