Россия вакцинаси синовида қатнашган депутат COVID-19 билан касалланиб қолди
Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси синовида иштирок этган Давлат думаси депутати Валерий Гартунг COVID-19 билан касалланиб қолди. Бу ҳақда бугун, яъни 21 октябрь куни «Интерфакс» хабар берди.
Парламент аъзоси ҳақиқий препарат эмас, плацебо олганини тахмин қилмоқда.
«Адолатли Россия» аъзоси «Facebook»даги ўзининг саҳифасида бир кун олдин мусбат натижа олганини таъкидлаган.
«Ўзимни яхши ҳис қиляпман, иситмам йўқ», — деб ёзган Гартунг.
15 сентябрь куни парламентнинг қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин Давлат думаси депутатлари Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини синовдан ўтказаётганини маълум қилганди.
11 август куни Россия президенти Владимир Путин дунёда биринчи бўлиб Россияда «Спутник V» деб номланган коронавирусга қарши вакцина рўйхатга олинганини эълон қилди. Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Москва мэри Сергей Собянин ушбу препарат билан COVID-19га қарши эмлангани айтилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter