Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия ва Хитой ўртасида муҳим масалада келишмовчилик чиқди

Россия ва Хитой ўртасида муҳим масалада келишмовчилик чиқди

Экспертлар Москванинг Пекинга қарамлиги ортмоқда деган фикрда.

Россия ва Хитой энергетика соҳасидаги муҳим иншоот – «Сила Сибири 2» магистрал газ қувури қурилиши борасида келиша олмаяпти. Икки давлат раҳбари – Владимир Путин ва Си Цзиньпин жорий йил май ойида Пекинда ўтган музокаралар якунида ҳам бу борада якуний тўхтамга келмаган.

«Financial Times» нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолишига Хитой томони Россиядан газ нархи борасида катта чегирма талаб қилаётгани сабаб бўлди.

Пекин Москвадан «Сила Сибири 2» қувури бўйича газни Россиянинг ички нархида беришни талаб қилмоқда. Бундан эса Россия катта зарар кўради. Чунки одатда газ ички бозорда давлат субсидияси асосида пасайтирилган нархда сотилади.

Лойиҳага кўра, газ қувуриниг қуввати йилига 50 миллиард кубометрни ташкил этади. Ўтган йили Владимир Путин ва Си Цзиньпин бу борада келишувга эришгани хабар қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, Хитой томони йиллик ҳажмнинг барчасини олмоқчи эмас.

Россиянинг Украинага босқини ортидан Европага газ экспорти кескин камайди. Газ қазиб олиш 637 миллиард кубометргача қисқарди. Ҳозирги вазиятда Россия ширкатлари, хусусан, «Газпром» учун Хитой сув билан ҳаводек зарур ҳамкордир. Россия, масалан, «Шимолий оқим 1» қувури бўйича йилига қарийб 60 миллиард кубометр газ сотган. Эндиликда бу қувур фаолияти тўхтаган. Шу боис Москва асосий истеъмолчи сифатида Пекин билан тил топишишга уринмоқда. Аммо Хитойга экспорт ҳажми 2023 йилда 22,5 миллиард кубометрни ташкил этган, холос. Хитойнинг йиллик газ истеъмоли талаби 400 миллиард кубометр экани инобатга олинса, Россия мулозимлари нега Пекинга серқатнов бўлиб қолгани сабаби ойдинлашади.

Хитой Россиядан газ нархи борасида катта чегирма талаб қилган. Карикатура – DW.

Хитой уруш ҳолатидаги Россиянинг мураккаб вазиятидан фойдаланиб, газ борасида катта чегирмалар олишга муваффақ бўлмоқда. Маълумотларга кўра, Пекин «Газпром» ширкатига минг кубометр газ учун 290 доллар тўламоқда. Европа шартномалари баҳоси эса 1000 долларни ташкил этади.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков нарх борасида келишмовчилик борлигини тан олгани ҳолда тафсилотларни очиқлашни лозим топмаган.

«Энергетика ресурсларини етказиш бўйича ҳамкорлик масаласи чиндан ҳам икки давлат раҳбари томонидан муҳокама этилди... Тижорий аҳамиятга молик музокаралар эса жамоатчиликка ошкор этилмайди. Ҳар бир мамлакат ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам табиий», – дея Пекиннинг арзон нарх талаб этаётганига ишора қилган Песков.

Уруш туфайли катта сиёсий ва иқтисодий босимга учраган Россия раҳбарияти Хитой кўмаги ва дастагига умид қилмоқда. Аммо ҳозирги вазиятда «айиқ» ва «панда» ўртасида кучлар нисбати тенг эмас. Бу эса Пекинга Москва олдига янада кўпроқ шартлар қўйиш имконини беради.

Аввал хабар берганимиздек, урушнинг илк ойларидаёқ ўзбекистонлик иқтисодчи, Висконсин университети бизнес мактаби докторанти Беҳзод Ҳошимов санкциялар ортидан Россиянинг Хитойга қарамлиги ортишини башорат қилган эди.

Айрим экспертлар Россия де факто Хитойнинг вассалига айланмоқда деб ҳисоблайди.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг