Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия Молдовани огоҳлантирди

Россия Молдовани огоҳлантирди

Россия Молдова ҳукуматини «суверенитет ва хавфсизлик масаласида ўйинлар»ни тўхтатишга чақирди.

«Биз мунтазам равишда Молдова ҳукумати эътиборини Россияга нисбатан коллектив Ғарбнинг нодўст муносабатига ўйламасдан қўшилиш... Молдованинг конституциявий бетарафлик мақомига зид эканига қаратиб келмоқдамиз», – дейди Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Расмий Москва вакили Кишинёвнинг бетарафлик мақоми мамлакатнинг Ғарбга мойил ҳукумати томонидан аста-секин йўқотилаётганини айтган.

Маълум бўлишича, Молдованинг Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларга қўшилгани, НАТО билан ҳамкорлиги ва Украинага хайрихоҳлиги Россия ҳукуматига хуш келмаган.

М.Захарова Молдова аҳолисининг 65 фоизи мамлакатнинг бетараф мақомини хавфсизлик омили деб ҳисоблаши, 74 фоизи эса НАТОга қўшилишга қарши эканини даъво қилган. Воиз бу рақамлар қаердан олинганига ойдинлик киритмаган.

«Биз Молдава ҳукуматини яна бир карра республика суверенитети ва хавфсизлиги билан боғлиқ масъулиятсизларча ўйинларни бас қилиш ҳамда бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан яхши қўшнилик алоқаларини олиб боришга чақирамиз. Конституцияда мустаҳкамланган бетарафлик мақоми мувозанатли ташқи сиёсатни кўзда тутади», – дейди Россия ТИВ вакили.

Москвадан узоқлашув сиёсатини юритаётган Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибидан чиқиш жараёнини якунламоқчи.

Молдова президенти Майя Санду Кремль мамлакатда давлат тўнтариши ва қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида бонг уриб келади.

АҚШ ҳам Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлаётганидан огоҳлантирган.

Ўтган йили Молдова ахборот ва хавфсизлик хизмати Россиянинг 30 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари сайтларига тақиқ қўйди. Ушбу қарор «қора рўйхат»га тушган ОАВ Молдовада конституциявий тузумга қарши ҳаракатлар содир этаётгани, дезинформация воситасида зиддият ва кескинликни келтириб чиқаришга уринаётгани билан изоҳланган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг