Россия 2020 йилги Олимпиададан четлатилиши мумкин
Россия 2020 йили Токиода бўладиган Олимпиададан четлатилиши мумкин. Бунга сабаб сифатида россиялик енгил атлетикачи Данил Лисенко допинг қабул қилгани аниқлангандан сўнг сохта ҳужжатлар тақдим этгани кўрсатилмоқда.
Лисенко допинг қабул қилгани учун 2 йилга спортдан четлатилган эди. Шундан сўнг у допинг тести топширган вақтда касалликдан даволангани ҳақида сохта ҳужжатларни тақдим этган. Хабар қилинишича, Лисенкога касаллиги ҳақидаги маълумотнома аслида мавжуд бўлмаган клиника томонидан берилган. Тиббиёт муассасаси манзили кўрсатилган жойда бузилган иморат бўлган.
Бутунроссия енгил атлетика федерацияси маълумотномани сохталаштиришда иштирок этгани хабар қилинмоқда. Агарда ушбу айблов тасдиқланадиган бўлса Россия 2020 йилги Олимпиададан четлатилади.
Россия антидопинг агентлиги бош директори Юрий Ганус март ойида берган баёнотида россиялик енгил атлетикачилар Олимпиададан четлатилиши мумкинлигини тасдиқлаган эди. Унинг айтишича, Россия олтин медалларни ҳалол йўл билан қўлга киритиши керак.
2015 йилда Халқаро енгил атлетика федерациялар ассоциацияси допинг можаролари туфайли Бутунроссия енгил атлетика федерациясининг фаолиятини тўхтатган эди. Ҳозирда россиялик енгил атлетикачилар халқаро мусобақаларда фақат индивидуал рухсат олган ҳолатда, нейтрал статус билан иштирок эта олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter