Роналду: «Франц Футбол» яна алдади ва мендан фойдаланди»
«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Олтин тўп» топшириш маросимига бормаган. Бу ҳолатни «Франц Футбол» нашри бош муҳаррири Паскал Ферре карантин билан изоҳлаган.
Аммо Роналду Ферренинг ушбу сўзларини ёлғон деб атади ва маросимга боришга сабаб йўқлигини айтди. Шунингдек, футболчи муҳаррирни ёлғончиликда айблади.
«Паскал Ферре алдади, у ўзини ва нашрини реклама қилиш учун менинг исмимдан фойдаланди. Мана шундай мукофотни топширишга масъул бўлган шахсдан бундай ёлғонни эшитиш «Олтин тўп» ва «Франц Футбол»га нисбатан ҳурматсизликдир. У бугун ҳам яна алдади ва менинг бормаслигимни карантин билан изоҳлади. Аслида у ерга боришимга бирор асос ё сабаб йўқ», деб ёзди Роналду Инстаграм саҳифасида.
Шунингдек, Роналду асосий мақсади жамоалари билан бирга миллий ва халқаро совринларни ютиш эканини айтган.
«Фаолиятимнинг асосий мақсади — профессионал футболчи бўлишни истаган ҳар бир одамга яхши намуна бўлиш. Энг асосий мақсадим — дунё футболи тарихида ўз исмимни олтин ҳарфлар билан ёзишдир», деган футболчи.
Аввалроқ Лионел Месси «Олтин тўп» совринига эга чиққани ҳақида хабар берилганди. Бу соврин Месси учун еттинчиси бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter