Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рожер Федерер. «Катта дубулға». «Australian Open»...

Рожер Федерер. «Катта дубулға». «Australian Open»...

Фото: «Sports.ru»

Австралия очиқ чемпионати финалида Рожер Федерер Марин Чилични мағлубиятга учратди. Натижада у «Катта дубулға» туркумидаги турнирларнинг бош мукофотини 20 марта қўлга киритган илк эркак спортчи сифатида тарихга кирди. Унгача бундай натижага учта аёл теннисчи Штеффи Граф (22), Серена Уилямс (23) ва Маргарет Корт (24) эришган.

«Australian Open» Рожер учун «Катта дубулға» турнирларидаги 30-финал ҳисобланади. Бу ҳам эркаклар тенниси учун рекорд натижа. У кетма-кет иккинчи марта Австралиядаги турнирнинг бош совринини қўлга киритмоқда.

Федерер 1968 йилдан бери ўтказилган «Катта дубулға» турнирларининг 10 фоизида ғолиб чиққан. Федерер, Надал, Жокович ва Маррейдан иборат кучли тўртлик сўнгги эллик йилдаги 200 та мусобақадан 51 тасини ютиб олган.

Мелбурндаги ғалаба Рожер учун олтинчи унвон бўлиб, у  «Катта дубулға» турнирларининг иккитасида камида олти маротабадан ғолиб чиққан илк теннисчи ҳисобланади. У Новак Жокович ва Рой Эмерсон билан биргаликда Австралия очиқ чемпионатида энг кўп ғалаба қозонганлар рўйхатининг бошида турибди.

Федерер 36 ёш 5 ойу 20 кунлик даврда «Катта дубулға» турнирида ғалаба қозониб, бу борада фақатгина «Australian Open»нинг 1972 йилги ғолиби Кен Розуоллдан ортда қолмоқда. Розуолл яшил қитъада чемпионликни нишонлаганида 37 ёш 2 ойу 1 кунлик эди.

Финалга қадар Рожернинг энг кучли рақиби бўлган Томаш Бердих АТР рейтингида 20-ўринда бормоқда. Маэстро ўз фаолияти давомида фақат икки марта финалгача бўлган йўлни рейтинги паст теннисчилар билан ўтказган. «Ролан Гаррос – 2008»да Фернандо Гонсалес (25) билан баҳслашган Федерер «Уимблдон – 2008»да Ллейтон Хьюитт (27) билан бош соврин учун курашган. Иккала финалда ҳам Федерер мағлуб бўлган.

Федерер тўртинчи маротаба финалда рейтингда кучли бешликка кирмайдиган теннисчини ютиб «Катта дубулға»да ғалаба қозонди. Аммо у ҳар сафар рейтингда олтинчи поғонада бораётган спортчи билан баҳслашган. «Australian Open – 2007» ва «Уимблдон – 2009»да Энди Роддик билан, «Уимблдон – 2017»да Милош Раонич билан куч синашган Федерер Мелбурндаги финалда Чилични мағлуб этди.

Федерер ва Чилич ўртасидаги финал баҳсидан олдин ҳаво кескин исиб кетганлиги сабабли ташкилотчилар марказий корт томини ёпишди. Мелбурнда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди. Бир кун олдинги аёллар финалида мағлуб бўлган Симона Халеп ҳам иссиқ ва нам ҳаводан қийналиб, ўйиндан кейин мазаси қочиб қолган эди.

Федерер «Катта дубулға»даги илк ғалабасини 16 йил олдин нишонлаган. Бу кўрсаткич бўйича у яна ўша Серена Уилямс ҳамда Кен Розуоллдан ортда қолмоқда. Серенанинг илк ва охирги ғалабалари ўртасида 19 йиллик фарқ бўлса, Кен Розуоллники 20 йилни ташкил этади. Серена ва Рожерда бу кўрсаткични янада яхшилаш имкони бор.

Федерерни АТР рейтинги етакчиси Рафаэл Надалдан 155 очко ажратиб турибди. Испаниялик теннисчи февраль ойи охирида Акапулкодаги  турнирда қатнашиш истагини билдирган. Борди-ю, Надал ўша турнирда ярим финалгача етиб бормаса, Рожер 2012 йил 4 ноябрдан бери илк бор дунёнинг биринчи рақамли теннисчисига айланади. Шу кунгача эркаклар теннисида бундай узоқ йилдан сўнг ҳеч ким рейтингнинг энг юқорига қайтмаган.

Австралия очиқ чемпионатида 4 миллион долларни қўлга киритган Федерернинг бутун фаолияти давомида ишлаб топган маблағи деярли 115 миллион долларга етди. Бу борада у сайёрамизнинг энг омадли спортчиси ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг