Риши Сунак — Буюк Британиянинг янги бош вазири...
Собиқ молия вазири Риши Сунак — Буюк Британия бош вазири бўлиш учун ягона номзод. Унинг биргина рақиби, Жамоалар палатаси лидери Пенни Мордонт сайловдан номзодини қайтариб олганидан сўнг шундай вазият юзага келди. Сунак ҳукмрон Консерватив партия етакчиси, деб эълон қилинди, тез орада у ҳукумат раҳбари сифатида таништирилиши кутилмоқда.
Риши Сунак 1980 йили Саутгемптонда туғилган, отаси — шифокор, онаси — фармацевт. Ота-онаси Британияга Шарқий Африкадан 1970-йилларда кўчиб келган панжоблик ҳиндларнинг авлодлари.
Sky News ёзишича, Риши Сунакнинг бош вазир бўлиш имкониятларини букмекерлар 95 фоиз дея баҳолашаётганди. Номзодини бош вазирликка сураркан, Сунак Буюк Британия тўқнашган янги иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун ўз режаси борлигини таъкидлади.
Шу йилнинг июл ойида, Борис Жонсон истеъфога чиққанидан сўнг ўтказилган сайловда, Сунак ва Лиз Трасс ўртасида ҳукумат раҳбарлиги учун кураш кечган, консерваторларнинг 81 326 овозини тўплаган Трасс бош вазир бўлган, Сунак эса 60 399 овоз билан қолиб кетганди.
«Қўмита 1922» партия раҳбарлик органи бошқони Грэм Брейди Консерватив партия ва ҳукумат раҳбарлиги учун сайлов 28 октябргача ўтказилиб, натижаси 31 октябргача эълон қилинишини маълум қилганди.
Лиз Трасс 6 сентябрда бош вазирлик курсисига ўтирди. Бир ярим ой ўтиб, 20 октябрда истеъфо берди. Британия тўқнашган «халқаро ва иқтисодий беқарорлик» давридаги муаммоларни ҳал этолмагани билан қарорини изоҳлади. Хусусан, унинг ҳукумати иқтисодий сиёсатдаги хатолари учун аёвсиз таниқдларга учради.
Борис Жонсон Лиз Трасснинг истеъфосидан сўнг унинг лавозими учун курашишдан бош тортди. Ҳолбуки, бунинг акси бўлиши кутилаётганди.
Лиз Трасс Риши Сунакни Консерватив партия раҳбари бўлгани билан табриклади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter