Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ректор оилавий ётоқхонани бўшатишни талаб қилмоқда. 49 та оила карантинда қаерга боради?

Ректор оилавий ётоқхонани бўшатишни талаб қилмоқда. 49 та оила карантинда қаерга боради?

Фото: TDIU

Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти пойтахтнинг Алгоритм даҳасидаги 19-сонли оилавий ётоқхонада истиқомат қилувчиларни том маънода кўчага ҳайдамоқда. Бу ердан бошпана топган 49та оиланинг (жами 200 нафар фуқаро!) бошқа борар жойи йўқ.

Ётоқхона унверситетга қарашли экан, унинг тасарруфи, бу жойда кимлар яшаш-яшамаслиги каби масалалар мазкур олий ўқув даргоҳи раҳбарияти томонидан ҳал этилади, албатта.

Бироқ ҳозирги мураккаб давр – йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган пайтда «кўч-кўч»ни кун тартибига чиқарилиши қанчалар мақсадга мувофиқ? Иккинчидан, «сургун қилинаётганлар» бу жойга ноқонуний кириб олишмаган. Аксинча, вақтида унверситет тақдим этган ордер орқали ўрнашиб, салкам 20 йилдан бери яшаётганлар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги яқин-яқингача шу унверситетда фаолият кўрсатишар эди.

Иқтисодиёт унверситети фаолияти жиддий элакдан ўтказилиши натижасида эскилар кетиб, янгилар келди. Янгиларнинг ишларни янгича ташкиллаштириши натижасида шу ердан ризқини териб юрганларнинг кўпига чиқиш эшиклари кўрсатилди. Ўша «чиқиш эшиклари» кўрсатилганларнинг аксарияти бола-чақаси билан унверситет ётоқхонасида истиқомат қилардики, улар қисқа вақт ичида ҳам ишидан, ҳам бошпанасидан айрилмоқда. Бундай синовлар ҳозирги мураккаб шароитда тўғри келгани эса дард устига чипқон бўлаётир.

Унверситет раҳбарияти эса «ташқарида нималар бўлаётганидан» гўёки бехабардек. Коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кўпайиб, карантин талаблари кучайган пайтда ётоқхонада истиқомат қилаётганларга огоҳлантириш хатлари бериб, сўнг фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига эса уларни мажбурий кўчириш ҳақида даъво-ариза киритди!

Бу ўринда гап масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида эмас, маънавий-ахлоқий қирралари устида кетмоқда. Олий ўқув даргоҳи маърифий маскан ҳисобланади. Маърифий масканда эса залолатга далолат қилувчи хатти-ҳаракатларнинг ҳатто шарпаси ҳам бўлиши керакмас. Айниқса, ҳозиргидай синовли пайтда! Ваҳоланки, масаланинг ҳуқуқий жиҳати борасида ҳам саволлар бор. Ётоқхонада яшовчилар орасида бу ерга доимий прописка қилинганлар ҳам мавжуд. Бу масаланинг ҳуқуқий ечим талаб қиладиган оғриқли нуқтасидир. Қолаверса, ўн-ўн беш йилдан бери истиқомат қилувчилар ётоқхона хоналари хусусийлаштирилишига оид гапларга ишониб, шунча пайтдан бери «тишини тишга қўйиб», умид билан яшаб келашаётган экан...

Бу ёғи нима бўлади энди?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг