Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рецептсиз «муолажа». Ёки қон босимини кўтаришнинг прокурорча усули

Рецептсиз «муолажа». Ёки қон босимини кўтаришнинг  прокурорча усули

Фото:«Xabar.uz»

Замонавий фармацевтика турли хасталиклар, жумладан, қон босими тушиб кетган кишиларга дори-дармонларнинг юзлаб турларини таклиф этади. Қай бирини танлашни шифокор билан маслаҳатлашсангиз кифоя – чунки билиб-билмай ичилган таблетка ёки олинган укол тескари таъсир этиш мумкин-да.

Аммо қон босимини кўтариш бўйича Балиқчи тумани прокурори Б. Усмонов «кашф этган» тажрибани шифокордан тавсия олмай, барчага бирдай қўллаш мумкин. Ва бу амалиётда муваффақият ила исботланди. Бунинг учун туман прокуратурасига бирор-бир муаммо, дейлик, жамият ҳаётига дахлдор  масала бўйича (шахсий масалада ҳеч кимнинг иши тушмасин!) мурожаат қилсангиз бас.

Шунақаси ҳам бўларканми? Бўлганда қандоқ!

Мана,  битта (яп-янги!) мисол

Балиқчи туманидаги «Сарбон ҳамкор ривожи» хусусий корхонаси вакили Абдулносир Қўчқоров туман собиқ суд ижрочилари бўлими катта ижрочисининг хатти-ҳаракатларидан ёзғириб, ўтган йилнинг июль ойида прокурорга мурожаат этганди денг! Даъво ҳазилакам эмас, арзгўйнинг важлари тасдиқлангудек бўлса, собиқ суд ижрочиси масаласи судгача чиқиши ҳеч гапмас. Майли, ҳозир гап шикоят мавзусида эмас. Аксинча, муаллифнинг аризаларига туман прокурорининг муносабати хусусида.

Хуллас, 2020 йил 10 август куни Балиқчи тумани собиқ прокурори Т. Гафуров қаҳрамонимизга хат йўллайди: мурожаатингиз ўрганиб чиқилди, ижрочининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) вилоят бошқармасига хизмат текшируви ўтказиш ҳақида тақдимнома киритилди, натижасига қараб яна гаплашамиз!

Ўз навбатида МИБ ҳам масалани зудликда ўрганиб, соҳага доир қонуннинг нақд 4 та моддаси талаблари бузилган, хизмат вазифалари суиистеъмол қилинган, яъниким шикоят сабабчисининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш даркор, деган мазмунда хулоса ясайди.

Кутилаётган якуний натижа чиққунича ноябрь эшик қоқди. Ниҳоят, 10 ноябрда туманнинг янги прокурори Б. Усмонов имзоси билан икки энли хабарнома келдики, унга кўра, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмабди?!

Арзгўй ҳам қайсаргина экан – прокурор номига яшин тезлигида яна ариза ёзиди:«сиз айтгандай бўлиши мумкин эмас-ей, «дело»га тикилган ҳужжатлардан нусха олсак, танишиб чиқайлик-чи, ҳай?».

Иш материаллари билан танишиб чиқишига рухсат берилдию, нусха олишга келганда, негадир рад этилди.

Қонундан сал-пал хабардор одам бунақа муносабатдан сўнг «Ҳа, энди бўпти-да!» деб қўл силтаб кетаверади дейсизми? Ҳечам-да: қайтанга, бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун келган жойидан ёзди-чиздини бошлайди. Абдулносир Қўчқоров ҳам жидду жаҳд қилдики, айни кунга қадар Балиқчи прокуратурасига бор-йўғи мавзуга дахлдор ҳужжатлардан нусха олиш масаласида нақ беш марта – 2020 йилнинг 20 ва 27 ноябрь, 4 ва 21 декабрь кунлари ҳамда шу йилнинг январь ойида ёзма шаклда, камига бир неча бор оғзаки мурожаат қилганлигиёқ унинг шашти баландлигидан далолат. Бироқ туман прокурори Б. Усмоновнинг фуқарони куттира-куттира бераётган жавоблари «Алдасанг тез алда, йўқса, ёлғон гапираётганинг билиниб қолади», деган гапни ёдга солади. Яъниким, бир сафар мурожаатни жавобсиз қолдирилса, кейинги гал муаллифнинг сўралаётган ҳужжатлар билан танишиб чиққанлиги писанда қилинади денг! Орада ҳуқуқшунос ёлланиб, адвокатлик сўрови ҳам киритилди: хат ёзишдан эринмаган прокурор энди ҳужжатлар «вилоятга юборилган»лигини, у ердан қайтгач, бемалол нусха олиш мумкинлигини маълум қилди.

Прокурорнинг «ичимдагини топ!» қабилидаги муносабатидан мурожаатгўйда шубҳа-гумонлар чандон ортмоқда. Чунки орада юқори турувчи прокурорнинг ҳам эшиги тақиллатилган – Б. Усмоновнинг 2020 йил 23 декабрь ҳамда 2021 йил 28 январь кунги жавоб хатларидаги «ҳужжатлар ҳали вилоятдан қайтмаганлиги» ҳақидаги важларидан фарқли ўлароқ – вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Фарҳод Раҳмонов (2021 йил 19 январь!) бошқача гап айтади: ҳужжатлар бизда эмас, марҳамат, туман прокуратурасига бориб, ўз ҳисобингиздан кўчирма олишингизга ҳеч қандай монелик йўқ!

Туманда эса «сичқон-мушук» ўйини  давом этмоқда.

Ана энди Абдулносир Қўчқоровнинг ҳолатини кўз олдингизга келтиринг: беш-ўн варақ қоғозни деб неча ойдирки сарсон! Одамнинг хуноби ошадими? Хуноб бўлгач, қон босими кўтариладими? Демак, паст қон босими, тиббиёт тилида айтганда, гипотонияга чалинган беморлар учун бу «ноёб амалиёт»ни оммалаштириш керакми-йўқми?..

Пичинг-у истеҳзо ўз йўлига! Аммо айтинг-чи: жойларда секторларга раҳбарлик қилаётган ҳамкасблари қонун устуворлигини таъминлаш баробарида, «темир дафтар»га тааллуқли чора-тадбирлардан тортиб иш ўрни яратишгача масъуллик қилаётган бир кезда ош-нон сўраб эмас, балки  топталган ҳуқуқини тиклаш учун эшик қоқаётган фуқарони ойлаб зир югуртираётган туман прокурори ўз вазифасига нечоғли муносиб? Айтиш мумкинки, арзимас мурожаатга фуқарони «маймун қилиб ўйнатувчи» қонун пешвосининг ўзи раҳбарлик қилаётган сектор ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларини виждонан адо этишига ҳам катта шубҳа  туғилмаяптими?

Нурилло Нўъмонов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг