Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамзий қадам: ишғолчилар таҳқирлаган обида зиёратгоҳга айлантирилмоқа

Рамзий қадам: ишғолчилар таҳқирлаган обида зиёратгоҳга айлантирилмоқа

XVIII асрга мансуб хон саройи интерфаол музей шаклида фаолият юритади.

Озарбайжоннинг қарийб 30 йил ишғол остида бўлган Ағдам шаҳридаги «Имарет» мажмуаси зиёратгоҳ маскан – музейга айлантирилмоқда.

Қорабоғ хони Паноҳалихон саройи ҳам Қорабоғдаги бошқа диний ёдгорликлар каби арман оккупацияси даврида таҳқирланган. Кўшк ҳамда Қорабоғ ҳукмдорларининг мақбараларини ўз ичиган олган, XVIII асрга мансуб мажмуа ҳудудида чўчқахона, ҳарбийлар учун муваққат ҳаммом ташкил қилинган. Иброҳим Халилхон мақбараси ва Қорабоғ сўнгги ҳукмдорининг қизи Хуршидбону Нотавон қабртоши вайрон қилинган. Тилла тиш қидирган ишғолчилар қабрларни очиб, жасадларни ҳам таҳқирлаган.

Ишғол даврида тарихий мажмуа таҳқирланган ва вайрон қилинган.

Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йилнинг кузи бўлиб ўтган 44 кунлик уруш давомида қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. Ағдам шаҳри ҳам ўша йилнинг 20 ноябрида озод қилинди.

2022 йил 4 октябрда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга хорижлик мутахассислар томонидан тайёрланган мажмуани тиклаш бўйича лойиҳа тақдим этилган.  Унга кўра, мажмуа Паноҳалихон саройи, мақбара ва Қорабоғ тулпорлари паркини ўз ичига олади. Тиклаш ишларидан кейин хон саройи интерфаол музей шаклида фаолият юритади. 

«Имарет» мажмуаси ҳудудида озарбайжонлик олимлар археологик қазишмалар ҳам олиб бормоқда. Изланишлар давомида ҳудуддан кўплаб мусулмон қабрлари ва қабртош парчалари топилган. Қабр эгалари шахсини аниқлаштириш мақсадида жасад қолдиқларидан ДНК намуналари ҳам олинган.

Мажмуада таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари якуни илмий тадқиқотлар ва археологик қазишмаларга боғлиқ экани хабар қилинган.

Айни пайтда ишғолдан озод қилинган Қорабоғ ҳудудидаги вайрон этилган тарихий обида ва ёдгорликларни тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил март ойида Туркий кенгаш саммитидаги нутқида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.

Ўзбекистон қардошлик ва дўстлик рамзи сифатида Фузулий шаҳрига 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб совға қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг