Рамазон ойи туҳфалари
Маҳалламиз масжидида ўқилаётган таровиҳга нимжон, бемор бир отахон қийналиб, аранг чиқар, билишимча анча узоқдан, чорраҳанинг нариги томонидан қатнарди. Отахоннинг оқсоқланиб келиб-кетишига бир неча марта гувоҳ бўлиб, чидолмай ўғлимга юзландим: — Шу инсонни ҳар куни уйидан олиб, таровиҳдан сўнг олиб бориб қўйгин болам. Савоб бўлади.
Ўғлим «хўп» дедию, икки кундан сўнг хафсаласи пир бўлиб қайтди:
— Ойи, халиги отахон кўринмай қолди. Тинчликмикан? У-бу кимдан сўрасам, танишмади.
Хаёлимга биргина ўй келди: Оқсоқланиб зўрға юрарди. Ишқилиб, дард енгиб, ётиб қолмаган бўлсин. Ўзинг шифо бер!
Кеча болам хурсанд бўлиб, гўзал хабар билан кириб келди:
— Ҳалиги амаки борку, ётиб қолмабди. Таровиҳга келаётган эканлар. Фақат мен кўрмабман. Савобталаб инсонлар биздан аввал яхшилик қилишга улгуришибди ойи. Беш-олтита ўзига тўқ маҳалладоши ўртага пул ташлаб, «Спарк» олиб беришибди. Отахонни хурсандлигини кўрсангиз эди. «Ўғилларим йўқ эди, Рамазон сабаб беш ўғиллик ҳам бўлиб қолдим», — деб, Жамоатнинг дуосини ҳам олиб берди.
Рамазондан сўнг касалхонага ётқизиб, дард азоб бераётган тиззасини ҳам операция қилдиришар экан.
Дилим ёришиб кетди. Дуоим жамоатникичалик кучли бўлмасада ўша савобталабларнинг икки дунёси обод бўлишини сўраб, астойдил кафт очдим.
***
Кеча бир беморнинг жарроҳлик амалиёти учун ёрдам сўрагандим. Лекин, мухтож оила фарзандининг саломатлиги учун лозим бўлган катта «пул» ҳақидаги постни ёздиму, дарров ўчирдим. Сабаби беш дақиқага қолмай бир савобталаб инсон алоқага чиқиб: «опа, мен ўша маблағнинг ҳаммасини ўтказиб бераман. Постни ёпа қолинг», деб қолди ва ваъдасини бажарди.
Ундан сўнг яна икки инсон «постни нега ўчирдингиз, ёрдам бермоқчи эдик, карта рақамини ёзиб олишга улгурмадик», деб қолишди.
Уларга бўлган воқеани айтиб, бошқа икки муҳтожнинг телефон рақами, манзил ва маълумотларини бердим.
Ифтор дастурхонига кўтаринки кайфиятда ўтириб, хурсандчилик билан оғиз очдим. Чунки бугун яна уч камхарж, бемор Ватандошимнинг қалбига ҳам озгина бўлсада қувонч, умид ташриф буюради. Эртага бири жарроҳлик амалиётига киради. Бири анчадан буён ололмаган «фистула»сини қўйдиради. Яна бири қимматроқ тиббий таҳлилларини топшириб, церроз жигарига даво излай бошлайди...
***
Ёнимиздаги дўконда ҳар доимгидай савдо авжида. Ифтор яқинлиги сабаб касса олдида анча одам йиғилиб қолганди. Иккита нон, бир кило ун, бир литрли ёғни аранг кўтариб турган қилтириққина, жудаям одми кийинган онахонга кўзим тушиб, ўз навбатимни бердим ва касбимга хос синчковлик билан ранг-рўйига назар ташладим. Ҳолатидан муҳтожлиги, бемор ва тўйиб овқатлана олмаётгани кўриниб турарди.
Кассир қиз билан илиқ муомаласини кўриб, бир нарсани дилимга тугдим:
Унинг манзилини сўрайман ва қўлимдан келганича ёрдам бериб тураман.
Бироқ улгурмадим.
Ўша куни холанинг ҳолатига мендан бошқа инсонлар ҳам бефарқ бўлмаган экан. Бир савобталаб сўраб-суриштириб, унга бир умр ёрдам бериб туришини айтибди.
—Кимлигини ошкор қилишни истамай, аллақанча маблағ ташлаб кетишибди. Бугун яна иккитагина нонга чиққан холанинг хурсандчилигини кўрсангиз эди. У анчадан буён биринчи марта бир кило гўшт, сариёғ, холва, хурмо олди. Қатор оралаябдию, кўзлари жиққа ёш, тинмай пичирлаб дуо қилади. Касса олдига етиб келгунча ёрдам қўлини чўзган саҳий инсонни дуоларга кўмиб ташлади. Бугун у узатган пулини биз ҳам олмадик. Тўғриси, ололмадик. Ҳар куни иккита нон учун қалтираб узатган тангаларини битталаб санаб олар эканмизу, бирор марта ранг-рўйига кўз ташламаган эканмиз. Эътиборсизлигимиздан уялиб кетдик. Энди харидорларнинг қўлигагина эмас, юзига ҳам назар ташлаб турамиз опа, — дейди кассир қиз.
***
Дугонамизнинг турмуш ўртоғи автоҳалокатга учраб, касалхонага тушиб қолди. Уч-тўрт киши бўлиб ҳол сўраб борганимизда у жўжабирдек тўрт боласини қучоқлаб изиллаб йиғлаб ўтирган экан.
Жуда ориятлида. Баҳоли қудрат йиғиб, хатжилдга солиб узатган маблағимизни олмади.
— Ҳаммаларингизни бола-чақангиз бор. Бойвачча ҳам эмассиз. Ундан кўра, бирор нарса харид қилсангиз хурсанд бўламан, — деб мўжазгина дўкончасига бошлади. — У шу дўкон рўзғоримизни тебратиб турибди. Лекин охирги пайтлар одамлар кийим-кечак эмас, қорин ғамида. Анави кўйлак, рўмол, сумкаларни кўринглар. Ёқса оларсизлар. Пулини бўлиб-бўлиб берсангиз ҳам майли. Шунчаки эҳсонни эса қабул қила олмайман. Чунки биздан муҳтожроқлар ҳам бор.
Ҳар биримиз нимадир танлаб, имкон даражасида тўлаб, қолганини ойма-ой узишга келишиб, хуллас уни қарз қилмай, ўзимиз қарз бўлиб дўкончадан чиқдик.
Бор даромади дориларга кетаётган дугонамиз хурсанд:
—Аллоҳ меҳрибонда. Ҳар куни илоҳим мухтож қилиб қўймагин деб дуо қиламан. Қаранглар, шаҳарни тўрт бурчагида яшовчи харидорларни ўз оёғи билан бошлаб келяпти.
Эри шифо топсин, мушкуллари янаям осон бўлсин деб, чин дилдан дуо қилдик.
...Тунов куни қарзимдан бир қисмини узгани борсам хурсанд бўлиб кутиб олди.
— Ўша куни астойдил дуо қилгансизлар шекилли, насияга бўлсада молимиз сотилиб турибди. Эрим касалхонадан чиқди, энг муҳими болаларим хурсанд! Хуллас, Рамазон чиройли ўтяпти ўртоғ!
***
Йўл тирбанд. Ифторлик вақтига оз қолган. Улгурмаймиз деб, асабийлаша бошлаган ўғлимни тинчлантириб, машинага бир-икки «баклашка» сув ва хурмо солиб қўймагани учун койиган бўлдим.
— Энди ёзғирма, асабийлашма! Ҳамма ҳам биздака ифторликка шошяпти. Ана қара, йўлда нимадир бўлган. Шунга тирбандлик бор.
Дарҳақиқат йигирма қадамча олдинда икки машина тўқнашиб, тартибсизликка сабаб бўлган экан. Аранг ўтволиб, йўлда давом этдик. Аммо бир чақиримча юрмай, ЙПХ ходими йўл тўсди:
— Уфффф, қанақа кун бугун ойи. Бирорта қойидани бузганим йўқку! Ҳеч бўлмаса Рамазонда тўхтатишмаса бўларди. Ҳозир яна бирор камчилик топишмаса гўрга эди.
У ғудранганча ҳужжатларни олиб жаҳл билан эшик очди, аммо чиқишга улгурмади. Машинага яқинлашиб, тиржайиб ўзини таништирган «командир» узрнамо бош эгди:
— Ҳужжатларни жойига қўяверинг. Қойидани бузганингиз йўқ!
Зўрға турган ўғлимнинг асаби дош бермади:
—Жаримам ҳам йўқ! Нима, ҳазиллашяпсизми? Инсоф ҳам керакда! Рўза пайтида-я!
ЙПХ ходими янаям ҳалимлик билан узр сўраб, очиқ турган ойнадан бир елим халтани узатди:
— Оғиз очиш пайти бўлди ҳурматли ҳайдовчи. Рамазон муборак!
Ўғлим анграйиб, елим халтани менга узатди. Шошиб очдим. Қарасам иккита қадоқланган сув ва бир қутича қуритилган хурмо турарди. Ўғлим ўз муомаласидан уялиб, ҳижолат тортди.
Оғзимизни очдик. Шундагина атрофга диққат қилиб, бошқа ҳайдовчиларга ҳам ифторлик тарқатаётган яна беш-олтита ЙПХ ходимига кўзимиз тушди.
ЙПХчиларни биринчи марта, чин кўнгилдан дуо қилиб йўлимизда давом этдик.
Муаззам Иброҳимованинг Facebook саҳифасидан олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter