Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуйма олтинларни олиб чиқиб кетишга бўлган уриниш фош қилинди

Қуйма олтинларни олиб чиқиб кетишга бўлган уриниш фош қилинди

Тошкент халқаро аэропорти орқали Ўзбекистондан қадимий тангалар ва қуйма олтин бўлакларини косметика креми ичига яширган ҳолда олиб чиқишга бўлган уриниш наф бермади.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, хорижий мамлакатга учиб кетаётган фуқаронинг қўл сумкаси ходимлар томонидан кўздан кечирилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим этилмаган, умумий оғирлиги 187 грамм бўлган 6 дона олтин қуймаси ҳамда 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар уддабуронлик билан косметика креми ичига яширилганлиги аниқланган.

Шундан сўнг ушбу фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилганида, унинг ёнидан  оғирлиги 20 грамм бўлган  қуйма тилла узук ҳам топилган.

«Ашёвий далил сифатида олинган ушбу буюмларнинг умумий қиймати 223 млн сўмни ташкил қилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган», – дейилади Қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, резидент ва норезидент жисмоний шахсларга - қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Шунингдек, яратилганига эллик йилдан ошган маданий бойликларни республика  ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг