Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қулоқдаги шовқин: ундан халос бўлиш учун нима қилмоқ керак?

Қулоқдаги шовқин: ундан халос бўлиш учун нима қилмоқ керак?

Қулоқда шовқин пайдо бўлишининг сабаби нима? Бу ҳолат тиббиётда тиннитус деб аталади. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 5-8 фоизи мазкур хасталик билан яшайди.

Касаллик, одатда, кексаларга хос. 55-65 ёшдаги кишиларнинг ҳар беш нафардан бири ўзида қулоқ шанғиллаши ҳолатлари кузатилиб туришини айтади.

Бироқ ушбу муаммо ёшларда ҳам учраб турибди. Бу шовқинли жойларга ташриф буюриш, шунингдек, қулоқчинларда баланд овозда мусиқа тинглаш билан боғлиқ.

Қулоқларда шовқин бўлиши болаларда камдан-кам учрайди. Туғма карлиги бўлган одамларни эса бу масала умуман қийнамайди.

Ушбу хасталикка чалинган беморларнинг 85 фоизи 250 – 8000 Hz тебраниш оралиғидаги товушларни эшитиш имкониятидан маҳрум бўлиши тасдиқланган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қулоқлардаги шовқин кўпроқ эркакларда, ортиқча вазни бор кишилар, шунингдек, юқори қон босими, қандли диабет, дислипидемия хасталиклари бўлган беморларда кўпроқ учрайди.

Тиннитуснинг — артериал гипертензия, бўйин остеохондрози, отит, сенсоневрал эшитиш заифлиги, қон томирлари атеросклерози, стресс, эндокрин касалликлар, эшитиш нервларининг невриномаси, тарқоқ склероз сингари бир неча омиллар таъсирида фаоллашиши исботланган.

Бундан ташқари, баъзи дориларни қабул қилиш, яқин масофада кучли пиротехниканинг портлаши, концертлардаги ўта баланд товуш таъсиридаги баротравма ва акустик жароҳатлар ҳам қулоқ шанғиллашига сабаб бўлади.

Тиннитусдан азият чекувчи беморлар қулоқдаги шовқин уйқуга кетишдан олдин, атрофда жимжитлик пайдо бўлганда ниҳоятда аниқ эшитилишини таъкидлашади. Диққатни шовқинга қаратиш уйқусизликка олиб келиши мумкин.

Агар хасталик ривожланишда давом этса, қулоқ шанғиллаши кундузи, шовқинли муҳитда ҳам безовта қила бошлайди.

Бемор бу товушга тобора кўпроқ диққат қаратиши натижасида унинг психоэмоционал таъсирчанлиги ортади. Кайфияти ёмонлашиб, депрессив реакциялар ривожланиши мумкин. Тиннитус касаллиги кузатилганда, аввало, унинг сабабини аниқлашга ёрдам берадиган текширувлар ўтказилиши зарур.

Қуйидаги оддий тавсияларга риоя қилиб, ўзингизни тиннитусдан ҳимоя қилишингиз мумкин:

Қулоқчинларда мусиқа тингласангиз, овознинг жуда баланд эмаслигига эътибор беринг. Метрода мусиқа эшитмасликка ҳаракат қилинг. Чунки поезд товуши ва қулоқчиндан чиқаётган овоз эшитиш анализаторининг ортиқча зўриқишига олиб келади.

Иш фаолиятингиз баланд шовқинлар билан боғлиқ бўлса, қулоқ тиқинларидан фойдаланишни унутманг.

Кофеин ва спиртли ичимликлардан сақланинг. Улар қулоқда шовқин кучайишига олиб келади.

Стрессли вазиятлардан қочинг. Кунига меъёр даражасида — етти-саккиз соат ухлаётганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг